Украина Бош прокурори Путинни жавобгарликка тортишдан оғиз очди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путинни геноцид иши бўйича жавобгарликка тортиш қийин бўлади, чунки давлатнинг ҳозирги раҳбари ҳеч қачон бундай айблов билан жиноий жавобгарликка тортилмаган. Бу ҳақда Украина Бош прокурори Андрей Костин CBS News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг кенг кўламли босқинчилиги Украинадаги уруш жиноятларининг асосий сабаби бўлиб, геноцид таърифи мос келади. Бош прокурорнинг ишонч билдиришича, Путин унинг қўмондонлигидаги ҳарбийларнинг ҳамма қилмишига рухсат берган ёки хабардор бўлган, аммо бу буйруқ тизимини энг юқори даражагача исботлаш осон бўлмайди.

“Босқин жинояти уруш жиноятларининг онаси, геноциддир, чунки тажовузсиз бошқа ҳарбий жиноятлар бўлмайди. Шунинг учун босқинчилик жинояти учун Россиянинг олий сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти жавобгарликка тортилиши ва жазоланиши керак”, дейди Костин.

У, шунингдек, Бош прокуратура геноцид иши бўйича ҳозирданоқ тергов олиб бораётганини таъкидлади. Айни пайтда прокурорлар Украинада 34 минг ҳарбий жиноятни қайд этган.

“Биз устуворлик ҳақида гапирганда, албатта, бугунги кунда биз кўраётган ҳолатлар, Харьков вилоятида, шу жумладан Изюмда содир этилган ҳарбий жиноятлар, албатта, бундай ҳолатлар бизнинг устувор вазифамиздир. Бироқ, бизда Буча, Ирпень каби шаҳарларда бошланган, ҳали тергов қилинаётган кўплаб ҳолатлар мавжуд. Украинадаги барча фуқаролик объектларини ўққа тутиш ва вайрон қилиш ҳам қайд этиляпти ва кейин текширилади. Биз ҳозир Россия томонидан содир этилган жуда кўп потенциал уруш жиноятларини кўряпмиз”, дейди Костин.

Шунингдек, у Россия армияси орасида ҳарбий жиноятлар содир этиш тизимли эканлигини таъкидлаган.

“Менимча, Россия армияси келганда бу ерни янги Бучага айлантиради”, дейди Бош прокурор.

Аввалроқ, Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Харьков вилоятининг Изюм шаҳрида ҳам Бучадагидек хунрезликлар уюштирганинини маълум қилганди. Ушаҳарда оммавий қабр топилганини қайд этган.

“Буча қирғини”

Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган. 

Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган. 

2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади. 

Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган. 

Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади. 

Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг