Украина бир йил ичида АҚШдан 34 та ҳарбий ёрдам пакети олди
Олам
−
28 Декабрь 2023
3933Бир йил давомида Киев Вашингтондан 24 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам олди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
"Жорий йил давомида Қўшма Штатлар 24 миллиард доллардан ортиқ 34 та ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этди", деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Президент ёрдам учун миннатдорчилик билдирар экан, Вашингтондан бундан кейин ҳам қатъий қадамлар қўйишига умид қилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Киевга 250 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини ажратаётганини айтганди. Бу жорий йилдаги охирги ҳарбий ёрдам эди. У NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва HIMARS бир нечта ракета тизимлари учун ўқ-дориларни, Stinger зенит-ракета тизимларини, "ҳаво мудофаа тизимининг таркибий қисмларини", 105 мм ва 155 мм артиллерия снарядларини, AT-4, TOW ва Javelin зенит-ракеталарини ўз ичига олади.. Давлат департаментининг таъкидлашича, 2022 йил февралидан бери Қўшма Штатлар Украинага 44,3 миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам кўрсатган.
LiveБарчаси