Украина бир кун ичида Белгородни 500 марта ўққа тутди – вилоят губернатори
Олам
−
07 Июнь 2023
8715Украина Қуролли Кучлари бир кун ичида Белгород вилоятини 500 мартадан ортиқ ўққа тутди. Бу ҳақда вилоят губернатори Вячеслав Гладков ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Шебекинский туманида 460 дона турли хил ўқ-дорилар отилган, учувчисиз самолётлардан 26 та портловчи мослама ташланган. Қурбонлар йўқ. Шебекино шаҳридаги зарбалар асосан аҳоли турар жойларига йўналтирилган", дейди Гладков.
Белгород губернаторининг сўзларига кўра, вилоятдаги Журавлевка қишлоғига 33 та артиллерия снарядлари отилган, унга камикадзе дронидан икки марта ҳужум қилинган. Бундан ташқари, Борисов туманидаги Цаповка қишлоғи ва Волоконовский туманидаги Старий фермаси миномёт билан ўққа тутилган.
Вилоят ҳокимининг қўшимча қилишича, Козинка қишлоғи ўққа тутилиши оқибатида газ қувури шикастланган ва 74 абонент газ таъминотидан узилган.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Украина Қуролли Кучларининг асосан руслардан ташкил топган ҳарбий қисмлари – “Рус кўнгиллилари корпуси” ва “Россия озодлик легиони” Россиянинг Украина билан чегарадош Белгород вилоятига ҳужум бошлаган эди. Шундан сўнг тинч аҳоли Белгородни оммавий равишда тарк эта бошлаганди. 23 майга ўтар кечаси Белгород вилояти бир неча бор ўққа тутилди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладков минтақада аксилтеррор операцияси давом этаётганини айтди. Кейинчалик Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Белгород вилояти ҳудудига бостириб кирган 70 дан ортиқ диверсант йўқ қилинганини билдирди. Бундан ташқари, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат Қуролли Кучларининг қарши ҳужуми бошланганини эълон қилди.
LiveБарчаси