Украина Берлин билан ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича келишувга имзо чекди
Олам
−
20 Октябрь
2772Украина ва Германия Мудофаа вазирлари Рустам Умаров ва Борис Писториус Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш бўйича зудлик билан чора кўриш тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда ҳар иккала вазир кеча, 19 октябрь куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Ҳужжат “Катта еттилик” мамлакатлари Мудофаа вазирлиги раҳбарларининг Неаполдаги учрашуви чоғида имзоланган. Германия Мудофаа вазирлигининг Х ижтимоий тармоғидаги хабарида айтилишича, Берлиннинг IAAD (Ҳаводан мудофаа бўйича зудлик билан ҳаракат қилиш) ташаббуси доирасида тузилган келишув Германияга ҳамкорлар билан биргаликда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олишни тезлаштиришга имкон беради.
Рустaм Умаровнинг сўзларига кўра, лойиҳага яна тўрт давлат қўшилади: Бельгия, Норвегия, Нидерландия ва Дания.
“Шартнома имзолаган давлатлар қўшма лойиҳаларга ҳисса қўшиши ёки Украина Қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган ўз лойиҳаларини молиялаштириши бўйича келишувларни кўзда тутади”, деб ёзган Рустам Умаров Facebook’даги саҳифасида.
Ўтган ҳафта бошида Германия Украинага иккита ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини топширгани ҳақида хабар берилган эди. Булар ўрта масофали IRIS-T SLM ва қисқа масофали IRIS-T SLS.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия ва Украина хавфсизлик бўйича мажбуриятлар ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама шартнома имзолаганди. Бундан ташқари, Германия ҳукумати томонидан Украина энергетика секторини тиклаш учун Киевга 170 миллион евро ўтказилиши маълум қилинганди. Ўшанда Германия Мудофаа вазирлиги 2024 йилнинг қолган ойларида жанг майдонидаги вазиятга қараб, Украинага зудлик билан қўшимча ёрдам ўтказилиши кераклигини таъкидлаганди.