Украина 500 кундан бери дунёни илҳомлантирмоқда – Блинкен

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Украинага ўзини ҳимоя қилиш ва келажагини тиклашда ёрдам беришга содиқ қолади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинадаги урушнинг 500-куни муносабати билан берган баёнотида сўз очди. 

“Беш юз кун олдин, 2022 йил 24 февралда Россия ҳукумати Украинага кенг кўламли бостириб киришни бошлади. Кремль Украинани бўйсундиришга, унинг ерларини тортиб олишга, демократик йўл билан сайланган ҳукуматини ағдариб ташлашга интилаётган бир пайтда, Украина халқининг руҳи ўзгармаслигича қолмоқда, Қўшма Штатлар эса Украинага ўзини ҳимоя қилиш ва келажагини тиклашда ёрдам беришга содиқ қолади”, дейди Энтони Блинкен ўз баёнотида. 

Унинг қайд этишича, Украина халқи ҳар куни Москванинг шафқатсиз, тинимсиз ҳужумларига қарши мудофаада ўзининг мустаҳкамлиги ва бирлигини намойиш этмоқда. Катта мусибатларга дуч келган Украина халқи БМТ Низоми тамойилларига риоя қилиш муҳимлигини эслатиб, дунёни руҳлантиради.

АҚШ Давлат котибининг таъкидлашича, Россия ҳукумати Украинада адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига ягона тўсиқ бўлиб қолмоқда.  

“Қўшма Штатлар Россия ҳукуматига санкциялар, экспорт назорати ва Кремлнинг уруш олиб бориш қобилиятига таъсир кўрсатадиган бошқа чоралар орқали жиддий бадалларни қўйишда давом этади ва биз халқаро ҳуқуқни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришда тўхтамаймиз”, дейди Блинкен. 

Блинкенга кўра, АҚШ Украинани иттифоқдошлари ва ҳамкорлари билан қўллаб-қувватлайди, зарур бўлганда, Украина ўзини ҳимоя қилишда давом этиши ва музокаралар столида энг кучли позицияни эгаллаши учун унга хавфсизлик, иқтисодий ва бошқа ёрдам кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг