Украина 1 январдан Россиядан Европа Иттифоқига газ ва нефть транзитини тўхтатади
Олам
−
30 Август
6360Украина 2025 йил 1 январдан Россия газининг Европага транзитини тўхтатади. Буни бугун, 30 август куни Украинанинг "Noviny.LIVE" порталига берган интервьюсида мамлакат Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк тасдиқлади.
“Бундан ташқари, эслатиб ўтаманки, 2025 йил 1 январдан газдан ташқари “Дружба” нефть қувури ҳам ўз фаолиятини тўхтатади. Европа Иттифоқи резолюциясига кўра, улар нефть таъминотини диверсификация қилиш имкониятларини топишлари керак", деб таъкидлади Подоляк.
Шу билан бирга, Европа давлатларидан биридан тегишли сўров келиб тушса, Киев Қозоғистон ёки Озарбайжондан газ транзитига тайёр.
"Бу ажойиб – мен ҳозир истеҳзо билан гапиряпман – Путиннинг ажойиб стратегик ўйланган операцияси, бу унинг газ ва нефть орқали ҳеч қандай таъсирга эга бўлмаслигига олиб келди", деди Подоляк.
Унинг қўшимча қилишича, бундай динамика Россия Федерациясини энергия ресурсларини бошқа бозорларда демпинг шароитида катта чегирмаларда сотишга мажбур қилади.
Украина Президенти Владимир Зеленский 27 август куни Киев Украинанинг “Нафтогаз” ва Россиянинг “Газпром” компанияси ўртасидаги йил охирида тугайдиган газ транзити шартномасини узайтирмаслигини айтди.
Киев аввалроқ Россиянинг “Лукойл” корпорациясидан “Дружба” қувури орқали нефть қуйишни тўхтатишни талаб қилган эди. Будапешт ва Братислава бу қарорга қарши чиқди.
Еврокомиссия Венгрия ва Словакиянинг энергия таъминотига таҳдид кўрмаётганини билдирди, чунки "Дружба" қувурининг жанубий тармоғи орқали Европа Иттифоқига учинчи давлатлардан энергия етказиб бериш ҳажми камаймаган. Брюсселнинг фикрича, бошқа етказиб берувчиларнинг бу ҳажмлари етарли.
LiveБарчаси