Украина Россиядаги ракета базасига зарба бергани айтилмоқда
Олам
−
21 Сентябрь
14101Украина Қуролли кучлари бугун, 21 сентябрь куни Тверь вилоятига дрон ҳужуми уюштирди. Украина дронлари Торопецдан 20 км жанубда жойлашган Октябрский қишлоғи яқинидаги объектга ҳужум қилди. Бу ҳақда “News.ru” хабар берди.
“Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга кўра, объектда ёнғин чиққан. Воқеа фонида жанубда жойлашган Старая Торопа темирйўл вокзалини эвакуация қилиш ҳақида хабар берилди: бир нечта йўловчи поездлари бекор қилинди, қолганлари муқобил йўналиш бўйлаб жўнатилди", дейилади хабарда.
Россия Мудофаа вазирлиги кеча тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украина Қуролли кучларининг учта учувчисиз самолётини уриб туширганини хабар қилди. Сиёсатчи ва ҳарбий эксперт Олег Царев Украина Қуролли кучлари Россиянинг Тверь вилоятидаги ядровий иншоотига ҳужум қилиши мумкинлигини истисно этмайди.
"Тверь вилояти. Аввалига Мудофаа вазирлигидан бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ эди, аммо кеча тунда ҳарбий қисмга ҳужум уюштирилганга ўхшайди. Ҳозирда М-9 “Болтиқ” автомагистралининг бир қисми бутунлай тўсиб қўйилган. Украина каналлари ҳарбий қисмда “Шайтон” каби ядро каллаклари бўлган ракеталар шай ҳолатда эканлиги ҳақидаги назарияни тарқатмоқда. Агар шундай бўлса ва Киев бу ҳақда билган бўлса, демак бу жиддий эскалация. Бизнинг тараф ҳозирча нима бўлганига изоҳ бермади, бироқ автомагистрал тўсиб қўйилган", деб ёзди у.
Сиёсатшунос Сергей Марков ҳам Украина Қуролли кучлари объектга ядровий ракеталар билан ҳужум қилмоқчи бўлган, деб ҳисоблайди.
“Эскалация йўллари. Украина Қуролли кучлари бугун Россиянинг ядровий салоҳиятига иккита зарба берди. Битта зарба Запорожье атом электр станциясининг чеккасида, Энергодардаги атом электр станциясининг электр тизимларида бўлди. Яна бир зарба, Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Тверь вилоятидаги "Шайтон" ядровий каллаклари бўлган ракеталар базасида. Бу зарбалар билан Зеленский Байден билан жуда муҳим музокаралар олдидан Вашингтонга қизил чизиқлар йўқлигини намойиш қилмоқчи. Шундай қилиб, сиз Россиянинг исталган минтақасига узоқ масофали ракеталарни хавфсиз тарзда отишингиз мумкин. Ва Москва атрофида. Ва Кремлда. Ва Россиядан жиддий ядровий жавоб бўлмайди. Улар Вашингтонда шундай ўйлашади”, деб қўшимча қилди у.
Шу билан бирга, баъзи Telegram-каналлари эса Тверь вилоятидаги ядровий иншоотга ҳужум уюштирилгани ҳақидаги маълумот фейк эканини ёзмоқда.
“Тўлиқ далил йўқлигига қарамай, сохта хабарлар тарқалмоқда. Уларнинг мақсади Украина ядровий арсеналга ҳужум қилмоқда, зарба беряпти ва ҳеч қандай жавоб йўқ, деган таассуротни кучайтириш эканлиги аниқ. Шундай қилиб, улар бизга Россия Федерациясига чуқур зарба бериш учун рухсат беринг – жавоб бўлмайди, дейишмоқчи. Бу уйдирма воқеалар ёрдамида одамларни бир-бирига қарши қўйишнинг соф Британия тактикаси. Кейин улар четга чиқишади", деб қўшимча қилди канал муаллифи.
Бироқ Украина ҳам, Россия ҳам вазиятга расмий изоҳ бермади.
Мадина Салимова
LiveБарчаси