Ухандан Ўзбекистон фуқароларининг Ватанга қайтишига тақиқ ўрнатилди

Олам

image

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Хитойда бўлиб турган ёки ушбу давлатга ташриф буюрмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига навбатдаги мурожаат билан чиқди. 

Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги Элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасининг хабар қилишича, Иммиграция бошқармаси берган дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирда Хубей провинциясида 166 нафар Ўзбекистон фуқароси доимий асосда яшамоқда. Жорий йилнинг январь ойида провинцияга 14 ўзбекистонлик борган.  

Кеча, 26 январь куни Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Ухан шаҳри ва унга яқин жойлашган Хубей провинциясининг бошқа шаҳарларида истиқомат қилувчиларнинг карантин ҳудудидан чиқиб кетишларига йўл қўймаслик бўйича чораларни кучайтирган. Расмий идоралар вирусни юқтирганлар, айниқса, у ерда бўлиб турган хорижий фуқаролар профилактикасига катта эътибор қаратмоқда. 

“Элчихона Хитойнинг тегишли ҳукумат идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди, ҳамюртларимизга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда ва улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Хусусан ижтимоий тармоқларга аҳолини саросимага солувчи миш-мишларни рад этувчи видеоматериалларни ҳамда зарурий эҳтиёт чораларини кўриш бўйича эслатмаларни жойлаштирмоқда. 

Элчихона январь ойида Ухандан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабаларни зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-епидемиологик осойишталик агентлиги билан +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов),  +998972755074 (бош мутахассис Ф. Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишни қатъий тавсия қилади”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, ҳозирда Хитой томони Ухан шаҳридан чет эл, жумладан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишга тақиқ қўйган ва бу тақиқ бекор қилингани йўқ.  

Ташқи ишлар вазирлиги Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига +86 135 1102-4242 (Бобур Яхяев),  +86 139 1175-4476 (Шуҳрат Умиров) телефон рақамлари орқали ҳамда Чанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255-5772 (Азиз Улуғбеков) телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус

Баҳолаганлар

901

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг