Ухань сирлари: Хитой ЖССТдан муҳим маълумотларни яширяпти

Олам 7030
image

Хитой Ухань шаҳрида бўлиб турган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассисларига COVID-19 инфекциясининг дастлабки ҳолатлари тўғрисидаги шахсий маълумотларни тақдим этишдан бош тортди. Бу ҳақда ЖССТ мутахассисларига асосланиб хабар берилган. 

"Улар бизга бир нечта мисоллар келтирди, аммо етарли эмас", деган ЖССТ микробиологи Доминик Дуайер. 

"Мен олимман ва маълумотларга ишонаман. Маълумотларга асосланган ҳужжатли далилларга ишонаман, шунчаки кимнингдир айтганларига эмас", деган даниялик эпидемиолог Теа Фишер. 

ЖССТ жамоаси аъзоларининг фикрига кўра, Хитой Ҳукумати ва олимлари ўз тадқиқотларини ўтказган ҳамда Уханда коронавирус тарқалишидан олдинги ойларда COVID-19 ҳолати қайд этилмаганига ишонтирган. 

Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ушбу тадқиқотлар тасдиқланган маълумотни кўришга рухсат берилмаган. Бу эса ЖССТ вакилларига вируснинг Хитойда қачон ва қандай тарқалганини таҳлил қилишга имкон бермайди.

Таъкидланишича, Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси ва Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маълумотларга изоҳ беришни хоҳламаган. 

Аввалроқ, ЖССТ миссияси Уханда коронавирус тарқалишига оид "муҳим далиллар"ни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ мутахассислари 14 январь куни Уханга етиб келган. ЖССТ миссияси таркибига Россия, Австралия, Дания, Германия, Кения, Япония, Голландия, Қатар, Судан, Буюк Британия, АҚШ ва Вьетнамдан келган мутахассислар ҳамда уларнинг Хитойдаги ҳамкасблари киради.   

Маълумот учун, коронавирус “ўчоғи” бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрь ойида бошланган эди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 294
Рейтинг: 2.9
t
×