Ўқитувчига “ташланиш”дан кўпчилик уялмай қўйди – Норбоева ота-оналарга мурожаат қилди

Жамият 4740
image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ота-оналарга мурожаат йўллаб, болаларни ўқитувчиларни ҳурмат қилишга ўргатиш кераклигини айтиб ўтди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.

“Барчамиз – онамиз, отамиз ва ўз фарзандларимиз таълим-тарбияси учун масъулмиз. Лекин тан олиб айтишимиз керак, бугунги ўқувчи ҳам, ота-оналар ҳам кечаги эмас.

Қўпол эшитилгани билан аслида теран аҳлоқий маънога эга бўлган “Эти сизники, суяги бизники”, деган гапларга, афсуски, эскилик сарқити сифатида қаралмоқда. Мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетгани ҳам катта муаммо, аслида.

Фарзандининг арзимаган шикояти учун мактабга югуриб келиб ўқитувчига “ташланиш”дан кўпчилик ота-оналар уялмай қўйди.

Бу эса жамиятда ўқитувчи мақомининг обрўсизланишига олиб келмоқда.

Ҳурматли ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман: фарзандим ҳаётда ўз ўрнини топишда қийналмасин, мустақил фикрли, мулоҳазали инсон бўлиб вояга етсин десангиз болангиз қалбида ўқитувчига эҳтиром ҳиссини тарбияланг ва  ўзингиз  ҳам  устозларни  эъзозланг.

Ўқитувчи ўқувчи ёки унинг ота-онаси томонидан оёқости қилинадиган одам эмас, балки зиё тарқатувчи инсон, керак  бўлса  ҳаммадан  бир  поғона  юқори  турувчи  шахсдир.

Албатта, қонунда жавобгарлик белгилаб қўйиш билан бу каби муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди”, деди Танзила Норбоева.

Сенат раиси бу ижтимоий онг даражасига етиши, умуммиллий ҳаракатга айланиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 145
Рейтинг: 2.9
t
×