Ўқишни бюджетга кўчирса бўладими? Вазирлик асосий саволларга жавоб берди
Жамият
−
10 Февраль 2020
6907Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги чет элда ўқувчи талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан энг кўп бериладиган саволларга жавоб қайтарди.
Ҳужжатларни талабанинг ўзи топшириши керакми ёки яқин қариндошлари томонидан ариза тўлдириш мумкинми?
Республика олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича ариза бевосита талабгорнинг ўзи томонидан жойида тўлдирилади ҳамда зарур ҳужжатлар тақдим этилади.
Ҳудудий ишчи гуруҳларга қандай ҳужжат тақдим этилади?
Фуқаролардан Ҳудудий ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари сўралади:
• ариза (жойида тўлдирилади);
• рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (транскрипт) нусхаси;
• паспорт нусхаси.
Нодавлат олий таълим муассасасидан ҳам ўқишни кўчириш рухсат этилади?
Республика олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича мурожаат қилиш учун қўшни давлатларда таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг мулкчилик шакли бўйича чекловлар йўқ. Давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари талабалари бирдек ўқишни кўчиришлари мумкин. Фақатгина ўз давлатида олий таълим муассасаси сифатида давлат аккредитациясидан ўтган бўлиши лозим.
Сиртқи ва кечки таълимда таҳсил оладиганлар ҳам ариза топшириши мумкинми?
Қўшни давлатлар олий таълим муассасаларида исталган таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини Ўзбекистонга кўчириш бўйича ариза топширишларига рухсат этилади.
Қайси давлатларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишини кўчириш учун рухсат этилади?
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни давлатлари – Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига ўқишини кўчириш бўйича ариза топширишга рухсат берилади.
Россия Федерацияси, Украина бошқа МДҲ давлатлари, хорижий давлатларда таҳсил олаётган талабалар амалдаги тартибга кўра, Ҳудудий ишчи гуруҳларга 2020 йилнинг 15 июлдан 5 августга қадар мурожаат қилишлари мумкин.
Ўқишни бюджетга кўчирса бўладими?
Қўшни давлат олий таълим муассасаларида бюджет ва тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган талабалар Ўзбекистон ОТМларига ўқишини кўчириш бўйича ариза топширишлари мумкин. Бунда Ўзбекистонга ўқишни кўчиришда тўлов-контракт асосида кўчиришга рухсат берилади.
Бюжетда ўқиш учун ёзда танловда иштирок этиш талаб этилади.
Қайси курс талабаларига ўқишни кўчиришга рухсат берилади?
Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган барча талабаларга, курсидан қатъий назар ўқишини кўчириш бўйича ариза топширишга рухсат берилади.
Қандай таълим йўналишлардан ўқишни кўчириш мумкин? Ҳуқуқшунослик, тиббиёт ва иқтисод йўналишларида таҳсил олаётганлар ҳам ўқишини кўчиришлари мумкинми?
Қўшни давлатлардан республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш учун ариза топширишда таълим йўналиши борасида ҳеч қандай чеклов йўқ. Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларидаги олий таълим муассасаларида исталган таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини кўчириш бўйича ариза топширишга рухсат берилади.
Академик қарздор талабалар ҳам ўқишини кўчириши мумкинми?
Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида Низомга кўра бу ҳолатда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади яъни ўқишни кўчиришга рухсат берилади.
Талаба қайси ОТМга ўқишини кўчирган бўлса, ўша ОТМда жорий семестр давомида академик қарздорликни бартараф этиши мумкин.
Маълумот учун, кенг жамоатчиликка бевосита Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилиш имкониятини яратиш мақсадида Telegram мессенжерида @zamonaviytalim_bot манзили ишга туширилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь