Уганда АҚШ элчисига ультиматум қўйди
Олам
−
05 Октябрь
5296Уганда армияси Бош қўмондони Мухузи Кайнеругаба АҚШ элчиси Уиляьм Поппга ультиматум қўйиб, отаси ва мамлакат Президенти Йовери Мусевенидан узр сўрашни ёки мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Бу ҳақда “Nile Post” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, генерал дипломатни мамлакатда “дипломатик бўлмаган” хатти-ҳаракатларда айблаган. Бундан ташқари, Кайнеругаба агар Попп 7 октябрь куни соат 09:00 гача Мусевенидан шахсан узр сўрамаса, Угандани тарк этишга мажбур бўлишидан огоҳлантирган. Бироқ Бош қўмондон “дипломатик бўлмаган” хатти-ҳаракатлар нима билан боғлиқ эканини очиқламаган.
Кайнеругабанинг таъкидлашича, Уганда АҚШни “севадиган ва улуғлайдиган” давлат, лекин сўнгги вақтларда АҚШнинг Уганда ҳукуматига қарши ҳаракат қилаётганининг кўплаб далиллари мавжуд.
Нашрга кўра, генерал 2026 йилги президентлик сайловларида қатнашиш ниятида эканлигини билдирган. Бироқ у сентябрь ойида сайловларда қатнашмаслигини эълон қилиб, ўрнига 80 ёшли отасини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Маълум қилинишича, Уганда Президентга нисбатан ҳурматсизлиги ҳамда Уганда конституциясига қарши бўлган хатти-ҳаракатлари туфайли АҚШ элчиси билан жиддий қарама-қаршилик ёқасида турибди. Кайнеругабанинг сўзларига кўра, бу шахсий хафагарчилик эмас, балки мамлакат ишларига аралашиш.
“Бу миллий масала, ҳеч бир хорижий давлат энди Угандада ҳеч қачон устунлик қилмайди!” деди генерал.
Унинг баёноти АҚШ Давлат департаменти Уганда полициясининг тўрт ходимига нисбатан инсон ҳуқуқларини бузганлик, шу жумладан қийноқларда иштирок этганликлари учун санкциялар жорий этганидан сўнг эълон қилинган.
Қайд этилишича, Попп ўтган йилнинг сентябрь ойида элчи этиб тайинланган. Ўшандан бери мамлакатнинг бир қатор юқори мартабали амалдорлари АҚШ санкцияларига дуч келган. Мусевени эса ўз ўғлини шу йилнинг март ойида армиянинг Бош қўмондони этиб тайинлаган. Бунга қадар Кайнеругаба қуруқликдаги қўшинларни бошқарган, бироқ 2022 йилда Кения қўшни мамлакатига бостириб кириш билан таҳдид қилганидан сўнг отаси томонидан истеъфога чиқарилган.
LiveБарчаси