UFC'да можаро: Чимаев ва Нейт Диас жамоаси ўртасида оммавий жанжал содир бўлди
Спорт
−
09 Сентябрь 2022
8204UFC президенти Дана Уайт Лас-Вегасдаги (АҚШ) UFC 279 турнири учун ўтказилиши керак бўлган матбуот анжуманини бекор қилди. Бунга тадбир олдидан оммавий жанжал чиққани сабаб бўлди. Бу ҳақда Уайтнинг сўзларига таяниб, “BJPenn” нашри хабар берди.
Анжуманнинг бекор қилинишига UFC 279 нинг асосий жангчилари Ҳамзат Чимаев ва Нейт Диас жамоалари ўртасида келиб чиққан оммавий муштлашув сабаб бўлган. Оммавий тартибсизликда Чимаев томонидан 25 киши ва Диаз тарафдорларидан 75 киши қатнашган.
Маълум бўлишича, ушбу тўқнашувда таниқли UFC жангчилари Кевин Холланд ва Даррен Тилл ҳам иштирок этган.
Дана Уайт анжуман бекор қилингани ҳақидаги қарорини изоҳлар экан, жамоат хавфсизлиги учун шундай қилишга мажбур бўлганини айтган.
“Ҳеч қандай конференция бўлмайди. Ҳаммадан узр сўрайман. Мен жуда ғалати аҳволдаман, компания тарихида бундай ҳолат бўлмаган. Аммо менга ишонинг, жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун бу матбуот анжуманини ўтказмаслик яхшироқ бўлади. Ҳа, сизни эшитаман, (томошабинлар ҳуштаклари), мен сизнинг эътирозларингизни қабул қиламан. Аммо барчанинг хавфсизлиги учун бу тўғри қарор. Кечирасиз... Келганингиз учун раҳмат”, деган Уайт.
Маълумот учун, Ҳамзат Чимаев ва Нейт Диас ўртасидаги жанг шу йилнинг 10 сентябрида Лас-Вегасда (АҚШ) бўлиб ўтади.
LiveБарчаси