ЎФАнинг чўнтагини қоққан “Пахтакор” стадионининг асосий трибуналари ёпиб қўйилди
Спорт
−
10 Апрель 2023
11642Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, Тошкент шаҳрида жойлашган “Пахтакор” стадионининг 44 та секторидаги ҳолат ўрганиб чиқилди ва стадион трибуналари тўлиқ таъмирга муҳтож эканлиги аниқланди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
“Пахтакор” стадиони трибуналари ўтган йили бўлиб ўтган U-23 Осиё кубогида таъмирга муҳтож эканлиги маълум бўлганди. Бунинг оқибатида Ўзбекистон U-23 термасининг Ироққа қарши ўйини вақтида кўнгилсиз ҳолат рўй берган бўлиб, кейинчалик ОФК Ўзбекистоннинг Япония U-23 термасига қарши ўйинига футбол мухлисларини киритмади, қўшимчасига ЎФА катта миқдорда жаримага тортилди.
Маълум бўлишича, мазкур воқеадан кейин “Пахтакор” стадиони трибуналари тош ва бетон бўлакларидан тозаланган. Секторлар оралиқларида кичик таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аммо кичик таъмирлаш ишлари ҳолатни ижобий томонга ўзгартирмаган.
“Стадион трибуналари етарли даражада яхшиланмаганлиги Ўзбекистон чемпионати 3-туридан ўрин олган “Пахтакор” - “Навбаҳор” учрашувида ошкор бўлди. Наманганлик футбол мухлислари жой олган секторлардан майдонга қараб тош ҳамда бетон бўлаклари улоқтирилди. Ҳар қандай совуқ об-ҳаво, ёғингарчилик ёки мухлислар ўртасидаги тартибсизлик бетон қопламанинг осон уваланишига олиб келади. Оқибатда стадионга қаттиқ жисмларнинг улоқтирилиши хавфи ошади. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, футболчилар, расмийлар, тўп узатиб турувчи болаларга жиддий тан жароҳати етказилиши эҳтимолини кучайтиради”, дейилади ЎзПФЛ хабарида.
Ҳозирги вақтга келиб стадионда фақатгина 6 та сектор мухлисларга хизмат кўрсатишда давом этади. Ўз навбатида “Пахтакор” футбол клуби ҳамда стадиони раҳбарияти хизмат кўрсатиши тўхтатилган секторлар ҳамда ўриндиқлар учун чипталар савдосини чеклаш, таъқиқланган нуқталарда мухлислар ҳаракатини чеклаш учун сунъий тўсиқлар ўрнатиш мажбуриятини олган.
LiveБарчаси