ЎФА нега “Миллий”га серқатнов бўлиб қолди?
Спорт
−
11 Июль 2019
5513Журналист-блогер, айни дамда Ўзбекистон ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев ўз Telegram каналида Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмийларининг “Миллий” стадионига серқатнов бўлиб қолганлари ҳақида пост қолдирди.
Маълум бўлишича, яқиндагина ЎФА вице-президентлигига келган собиқ рефере Равшан Эрматов “Миллий” стадионининг бугунги ҳолати, майдон чимининг расмий ўйинларга қанчалик тайёр эканлигини ўрганмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Миллий терма жамоаси 2022 йили Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун саралаш ўйинларида қатнашадилар.
“ЎФА расмийлари “Миллий” майдонига серқатнов. Чунки ЖЧ саралаш учрашувлари яқин. Майдон, тайёргарлик ва бошқа барча жиҳатларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Футболда майда масаланинг ўзи йўқ, ҳамма нарса аҳамиятли”, деб ёзади ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси бошқарувида бир қатор ўзгаришлар юз берганди. Унга кўра, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов истеъфога чиқиб, унинг ўрнига ФИФА ҳаками Равшан Эрматов тайинланган эди.