Расман: Умид Аҳмаджонов ЎФА вице-президентлигидан кетишга ариза ёзди
Спорт
−
13 Июнь 2019
62262017 йилнинг сентябрь ойидан буён Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти сифатида ишлаб келган Умид Аҳмаджонов лавозимидан истеъфога чиқди. Бу хабарни Умид Аҳмаджоновнинг ўзи шахсан QALAMPIR.UZ мухбирига тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, Умид Аҳмаджонов жорий йилнинг 15 май куни Миллий Олимпия қўмитаси президентлигидан ҳам истеъфога чиқарилган эди.
Умид Аҳмаджонов 1977 йил 16 май куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини имтиёз билан тугатган. Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг депутати.
У меҳнат фаолиятини 1995 йил "Зенит" фирмасида оддий ишчи сифатида бошлаган. 1995—2001 йиллар давомида "Илму Зиёд" хусусий корхонасида ишчи, кейинроқ 26-сонли қурилиш бошқармасида оператор бўлиб ишлади. Шунингдек, Олимпия АЖда автосаноат бўлими раҳбари сифатида фаолият олиб борди.
Аҳмаджоновнинг спорт соҳасига кириб келишига фаолияти давомидаги ишбилармонлиги ва ташаббускорлиги сабаб бўлди, дейилади таржимаи ҳолда. Ташкилий ишлар, бошқарув соҳасидаги билим ва тажрибалари эвазига у 2002 йил Ўзбекистон ногиронлари спорт федерацияси бош котиби лавозимига тайинланди. 2007 йилга келиб, Ўзбекистон миллий Паралимпия ассоцияцияси Бош котиби ва бир вақтнинг ўзида ташкилот раисининг ўринбосари бўлди.
Эътиборлиси, у 2007 йилда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раисига ҳам ўринбосар бўлган. Қўшимчасига, МОҚ вице-президенти лавозимида ҳам самарали фаолият юритган. Яъни, бир йилнинг ўзида 4 та вазифа.
Умид Аҳмаджонов ушбу ташкилотлардаги фаолияти давомида мамлакатда спорт соҳасининг ривожланишига ҳисса қўшди. Мамлакат паралимпиячиларининг жаҳон ареналарида улкан ютуқларни қўлга киритишида катта рол ўйнади. Айнан у ишлаган даврда Ўзбекистон паралимпия делегацияси Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Паралимпиада ўйинларида тарихий натижа қайд этди. Ўзбекистонлик спортчилар жами 31 та: 6 та олтин, 8 та кумуш ҳамда 17 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди.
Таржимаи ҳоли келтириб ўтилган шахснинг спорт федерациялари ва ассоциацияларидаги кўп йиллик фаолияти, меҳнати ҳукумат ҳамда жамоатчилик эътиборини қозонди. Умид Маҳаматжонович 2017 йилнинг 12 сентябрида Ўзбекистон футбол федерацияси президенти этиб сайланди.
Умид Аҳмаджонов оилали, уч ўғил ва бир қизнинг отаси. Шу вақтгача қилган ишлари учун "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.
LiveБарчаси