ЎФА Каннаваро билан боғлиқ вазият бўйича баёнот берди
Спорт
−
04 Октябрь 15580 2 дақиқа
Бугун, 4 октябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Фабио Каннаваро билан боғлиқ воқеалар юзасидан муҳим баёнот билан чиқди.
“Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан бу борада барча йўналишларда тизимли ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, халқаро тажрибага эга ва Жаҳон чемпионатида иштирок этган мутахассисларни терма жамоага таклиф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Хусусан, ЎФА раҳбарияти бу борада яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири, Жаҳон чемпионати ғолиби, 2006 йилда дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган таниқли италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан музокаралар олиб бормоқда” дейилади расмий баёнотда.
Қайд этиш жоиз, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича турли хабарлар ва инсайдлар пайдо бўлмоқда. Бироқ булар орасида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ҳам бор. ЎФА мухлислардан шунга ўхшаш норасмий хабарларга ишониб қолмасликни сўради.
“Музокаралар бўйича батафсил ва расмий хабарлар ЎФА саҳифаларида эълон қилинади. ОАВ вакилларидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган норасмий ва асоссиз хабарларга таянмасликларини сўраймиз”, дея қўшимча қилди Ўзбекистон футбол ассоциацияси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон футбол ассоциациясининг терма жамоа мураббийлиги масаласи бўйича Фабио Каннаваро билан оғзаки келишувга эришгани ҳақида хабар берилган эди. Халқаро нашрлар эса 52 ёшли мутахассиснинг маоши мураббийлик харажатларини ҳисобга олган ҳолда йилига тахминан 4 миллион еврони ташкил этишини ёзди.
Жаҳонгир Иномжонов
Live
Барчаси