Уэльс футбол ассоциацияси Инфантинони қўллаб-қувватлашдан воз кечди

Sport

image

Уэльс футбол ассоциацияси бўлажак FIFA президентлиги сайловларида амалдаги раҳбар Жанни Инфантино номзодини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, Уэльс футбол ассоциацияси Инфантинога нисбатан қўллаб-қувватловини очиқчасига қайтариб олган биринчи миллий футбол ташкилотига айланди.

Аввалроқ, Инфантино FIFA’нинг тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш ташаббуси билан чиққан эди. Лойиҳага кўра, FIFA’нинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги энг йирик мусобақаларининг медиа ва тижорат ҳуқуқларини бошқарадиган алоҳида компания ташкил этилиши режалаштирилган.

Инфантинонинг фикрича, FIFA Forward Enterprise компаниясининг ташкил этилиши аъзо ассоциациялар даромадини ошириб, бутун дунёда футбол ривожига хизмат қилиши керак эди. FIFA ушбу ташаббус орқали 4,2 миллиард доллар жалб қилиш мумкинлигини маълум қилган.

Бироқ ушбу режа қатор футбол ташкилотлари ва федерацияларнинг кескин танқидига учради. Журналист Ромен Молинанинг маълум қилишича, Инфантино ташкилот ичида ҳам қўллаб-қувватловини йўқотаётгани сабабли унинг яқин орада истеъфога чиқиши мумкин.

Инфантинонинг ташаббуси UEFA, КОНКАКАФ, ОФК ва CONMEBOL томонидан рад этилди. UEFA ҳатто ушбу режа амалга оширилса, FIFA ҳомийлигидаги мусобақаларни бойкот қилишини маълум қилган эди. Кейинчалик Инфантино лойиҳа тўхтатилганини эълон қилган бўлса-да, UEFA FIFA раҳбарига нисбатан ишончини йўқотганини билдирди.

“The Telegraph” нашрининг ёзишича, агар Инфантино ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этишдан бош тортса, UEFA унга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Маълумот учун, UEFA’нинг 55 аъзосидан 52 таси дастлаб Инфантино номзодини қўллаб-қувватлаган эди. Фақат Германия, Руминия ва Норвегия бу ташаббусга қўшилмаган. 56 ёшли Жанни Инфантино 2016 йил февраль ойида бўлиб ўтган FIFAнинг навбатдан ташқари конгрессида президент этиб сайланган. Кейинчалик у яна икки марта рақобатсиз равишда қайта сайланган. Навбатдаги FIFA президентлиги сайлови 2027 йил март ойида бўлиб ўтади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends