Уч кишининг вафотига сабаб бўлган клиника фаолиятини тўхтатди

Жамият 5936
image

Аввалроқ, Тошкентнинг “Mont Blanc” хусусий клиникасида пластик жарроҳлик амалиётидан кейин уч киши вафот этгани, мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурада ўрганилиб, жорий йилнинг 12 ноябрь куни ЖКнинг 116-моддаси 4-қисми “а,б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик. 

QALAMPIR.UZ ушбу клиниканинг бугунги фаолияти билан қизиқиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланди. Вазирлик расмийларининг маълум қилишича, "MONT BLANC" МЧЖ жорий йилнинг 27 сентябрида “Давлат хизматлари маркази” орқали тиббий фаолият кўрсатиш учун берилган лицензиясининг амал қилишини тугатишни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

"MONT BLANC" МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган № 9062-00-рақамли лицензиянинг амал қилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий фаолиятни лицензиялаш кенгашининг 2019 йил 3 октябрдаги 48-сонли қарори билан тугатилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу клиника билан боғлиқ учта ўлим ҳолати аниқланган. 

Биринчи ҳолат: 01.08.2019 йилда Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Mont Blanc” хусусий шифохонасида фуқаро Ў.Бахрановга бурун қийшиқларини тўғирлаш юзасидан жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг, беморнинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, 20.08.2019 йилда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жойлашган шифохонага ётқизилган.

Бироқ, унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ў.Бахранов вафот этган.

Иккинчи ҳолат: 15.08.2019 йилда Қозоғистон Республикаси фуқароси Л.Апостоловага  “Mont Blanc” хусусий клиникасида ташқи бурун деформацияси ва бурун тўсиғи қийшайиши тўғирлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган ҳамда бурун тўсиғи қийшайиши тўғирланган. 

Жарроҳлик амалиётидан сўнг, бемор мустақил нафас олишга ўтказилган ва унга антибактериал даъво мақсадида «цефтраксон» дори воситаси ички қон томири орқали 1,0 мл. миқдорида юборилган.

Шундан сўнг, беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва чуқурлаштирилган текширишлар ўтказиш мақсадида РШТЁИМга олиб борилган. 

19.08.2019 йилда марказ шифокорлари томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, Л.Апостолова шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Учинчи ҳолат: 24.08.2019 йилда  “Mont Blanc” хусусий клиникасида фуқаро Г.Шарифовага бурун соҳасида жарроҳлик амалиёти ўтказиш вақтида унга юборилган наркоз нотўғри таъсир қилиши натижасида аҳволи оғирлашган.

Натижада шу куннинг ўзида беморнинг унинг яқин қариндошлари томонидан  “Аkfа medline” хусусий шифохонасига (клиник ўлим ҳолатида) олиб келинган.

26.08.2019 йилда шифокорлар томонидан тиббий муолажалар кўрсатилганлигига қарамасдан, Г.Шарифова шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 140
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×
×