“Уч қаҳрамон”даги ёнғин фуқароларга 74 млрд сўм зарар келтирди
3-саҳифа
−
14 Август 4395 3 дақиқа
Жорий йилнинг 11 август куни Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Уч қаҳрамон” бозорида ёнғин содир бўлган эди. Мазкур ёнғин фуқароларга 74 млрд сўмлик зарар келтиргани аниқланди. Бу ҳақда бугун, 14 август куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг бозор ҳудудида тадбиркорлик қилиб келаётган фуқаролар, шунингдек, мажмуа ишчи-ходимлари билан бўлиб ўтган мулоқоти чоғида маълум қилинди.
Дастлабки маълумотномага кўра, жамият ва фуқароларга жами 74 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан иш юритувга олинган. Ёнғиннинг сабаби бозорга киришда ўнг томонда жойлашган биринчи ва иккинчи дўконлар орасидан ўтган электр симларида юзага келган авария (ортиқча юкланиш, юқори ўтиш қаршилиги) дан деб тахмин қилинган.

Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида Х.Сулаймонова номидаги экспертиза марказидан экспертлар, ёнғин институт ходимлари ва бошқа мутахассислар иштирокида ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, олинган ашёвий далиллар юзасидан судга оид комплекс экспертиза тайинланган. Ёнғин оқибатида А блокдаги 78 та тадбиркор (106 та дўкон), С блокдаги 11 та тадбиркор (19 та дўкон) ва Е блокдаги 48 та тадбиркор (56 та дўкон), жами 137 та тадбиркор (181 та тадбиркор дўкони ва 76 та бўш дўкон) ёнғиндан зарар кўрган.

Жорий йилнинг 12-13 август кунлари туман ҳокими бошчилигида Жамият маъмурияти томонидан ёнғин оқибатида жабрланган 165 та тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини давом эттиришлари учун бозор ҳудудида 63 та бўш турган дўконлар, 125 нафар тадбиркорлик субъектларига 2 ой муддатга ижара тўловисиз ажратиб берилган ва жойлаштирилган.

Шундан:
- 56 та дўконга (12 метр квадрат) 2 тадан жами 112 та тадбиркор;
- 2 та дўконга (24 метр квадрат) 4 тадан жами 8 та тадбирор;
- 5 та дўконга (9 метр квадрат) 1 тадан жами 5 та тадбиркор жойлаштирилган.
8 та тадбиркор рад жавобини бериб, фаолиятини давом эттирмаслигини маълум қилди. 4 та тадбиркор дўкон олиш истагини билдириб, мурожаат қилмаган.
Маълум бўлишича, 2026 йил 1 мартдан бошлаб бу ерда метрополитен учун зарур инфраструктура объекти қурилиши бошланади. Бу ҳақда метрополитен раҳбари Раҳмонбек Усмоновнинг телефон орқали берган изоҳи Зойир Мирзаев томонидан тадбиркорларга етказилган.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг билдиришича, эртага, 15 августдан бошлаб бозорнинг ёнғин содир бўлмаган қисмидаги бўш дўконларга ёнғин туфайли зарар кўрган тадбиркорлар кўчиб ўтишни бошлайди. Бозор фаолият эса 17 августдан бошланади.
“Мен бозор фаолияти тикланган куни яна келаман ва ҳар бир тадбиркор билан яна мулоқот ўтказаман. Бозор ҳудудидаги тадбиркорлар орасидан вакиллар танланади ва улар иштирокида дўконлар учун жойлар адолатли тақсимлаш назорат қилинади”, дейди ҳоким.
Вилоят прокурори Азамат Мирзаевга кўра, ҳолат тафсилотларини аниқлаш, ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида 40 нафар терговчилар гуруҳи жалб этилган ва бозор ҳудудида сайёр штаб тартибида тезкор суриштирув-тергов ишлари олиб борилмоқда.
Live
Барчаси