У шафқатсиз ҳаракат қилди – Байден Путин билан учрашишдан маъно йўқлигини айтди
Олам
−
12 Октябрь 2022
6484АҚШ Президенти Жо Байден ҳозирда Россия давлат раҳбари Владимир Путин билан бўлажак G20 саммитида учрашишни режалаштирмаяпти, бироқ бу Россия раҳбари нимани муҳокама қилмоқчи эканлигига боғлиқ бўлади.
Кеча, 11 октябрь куни кечқурун эфирга узатилган CNN телеканалига берган интервьюсида Байдендан Путин билан саммитда учрашишни хоҳлайсизми, деб сўрашган.
“Қулоқ солинг, мени у билан учрашиш ниятим йўқ, лекин, масалан, агар у G20 [саммитида] менинг олдимга келиб: “Мен [америкалик Бриттни] Грейнернинг озод этилиши ҳақида гаплашмоқчиман”, деб айтса. Ўйлашимча, бу вазиятга боғлиқ бўлади”, деб жавоб берган у.
Байден Путин билан Украина мавзусини муҳокама қилиш ниятида эмаслигини, расмий Киев вакилисиз ҳеч ким бу масалада Россия билан гаплашмаслигини таъкидлади.
“Қаранг, биз бир позицияни эгалладик, мен буни бугун эрталаб G7 йиғилишида билдирдим. Хулоса шуки, Украинасиз Украина ҳақида [муҳокама қилинадиган] ҳеч нарса йўқ. Шунинг учун на мен, на бошқа ҳеч ким Россия билан Украинада қолишлари, Украинанинг бир қисмини сақлаб қолишлари ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида музокара қилишга тайёр эмасмиз. Демак, у [Путин] айнан нима ҳақида гаплашмоқчи эканлигига боғлиқ бўлади”, дейди Байден.
АҚШ Президенти Россия раҳбари ҳақида гапирар экан, шундай деди:
“Қулоқ солинг, у шафқатсиз ҳаракат қилди. Менимча, у уруш жиноятларини содир этган. Шундай экан, мен ҳозир у билан учрашишдан маъно кўрмаяпман”.
Ўтган ҳафтада у G20 ёки ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) саммитларида Россия етакчиси билан учрашиш имкониятини истисно этмаганди.
7 октябрь куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг G20 саммитида иштирок этиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, “Россия иштирок этади, лекин формат ҳали аниқ эмас”, деганди.
Кейинроқ G20 саммитига мезбонлик қиладиган Индонезия Ташқи ишлар вазири Россия Президенти Путин ва Украина Президенти Зеленский йиғинда иштирок этишини маълум қилди.
LiveБарчаси