“У гадой, ҳеч нимаси йўқ эмас”. Усмонова Назарбеков атрофидаги миш-мишларга фикр билдирди (видео)
Маданият-санъат
−
01 Июнь 2023
62252Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг очиқланган МЧЖ ва шу мавзу атрофида болалаган хабарлар юзасидан ўз фикрини билдириб, видео чиқиш қилди. Хонанда мазкур видеони ижтимоий тармоқдаги ўзининг саҳифасига жойлаган.
“Озодбек Назарбековга “атака” бўлаётганини эшитиб, ўзим ҳам санъаткор, машшоқчи бўлганим учун фикр билдиргим келди. Озодбек вазир бўлиб келишидан олдин қорни тўқ, халқ севган ҳофиз эди. Унга яхшигина пул келиб турарди, ўзига тинч эди”, дейди Юлдуз Усмонова.
Санъаткор Озодбек Назарбековнинг ҳукумат ишига ўтишига тўхталиб, ҳозирга қадар унинг боши ғалвадан чиқмаганини алоҳида таъкидлаган.
“Хурсанд бўлиб, хўп, деб борди. У вазир бўлганидан бери боши ғалвадан чиқмади. Бир ёқдан мен уни чўқийман. “Сен уни, буни қила олмаяпсан” деб. Бир ёқдан бошқаси чўқийди. Майли, энди иш бўйича бўладию, лекин у амалда ўтириб, бир нарсани еб қўйганига ҳеч ақлим етмайди. Бу нотўғри нарса”, дейди хонанда.
Шунингдек, Усмонова Озодбек Назарбековнинг шахсияти ва унинг атрофидагилар ҳақида сўз юритган.
“У гадой, ҳеч нимаси йўқ эмас. [Давлат пулини] еса атрофдагилар ейиши мумкин. Ўзи емайди. Бундан олдингиларни биламан. Президентимиз 14, 15, 16 йилларда ким нима қилганини, нима бўлганини нуқта вергулигача билади. Энди эсига тушдими?! Бу нотўғри информация. Масалан, у давлатни суиистеъмол қилиб, фирмадан пул қиладиган бўлса, биз билмаслигимиз мумкин эди”, дея қўшимча қилади у.
Бундан ташқари, Юлдуз Усмонова Назарбековнинг ҳукумат ишига ўтганидан кейинги фаолиятини гапириб, бунинг масъулиятига алоҳида тўхталган.
“Унинг давлат рўйхатидан ўтган фирмаси бўлса, хурсанд бўлинглар. Демак порага эҳтиёжи йўқ. Шунинг учун мен ҳам шу халқни тинчгина хизматкори бўлиб, оёқларингиз тагидаги чангни ютиб юрибман, мен розиман. Лекин Озодбекни дилини оғритиб қўйманглар. У вазир бўлибдики, ҳамма чўқийди. Уни тепа ҳам чўқийди. Бу осон нарса эмас. Бу ерда биз чўқисак, сиз чўқисангиз ким ўтириб ишлайди? Ўз вақтида ўғирлаган одамларни ҳеч ким гапирмади. Бу борада мен танийдиган одамлар ўлиб ҳам кетди. Лекин шу бугун Озодбекни жойи кимгадир керак бўлиб қолди”, дея сўзини якунлайди Усмонова.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков 2016 йилда ташкил этилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖга 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келгани маълум бўлган эди.