Twitter инқироз ёқасидами?
Технология
−
27 Февраль 2023
6159Twitter ижтимоий тармоғи оммавий тарзда иш кучини қисқартирмоқда. Компания ишчи ходимларининг 10 фоизи, яъни 200 нафарини ишдан бўшатди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бошқарувдаги ходимлар, маълумотлар таҳлили бўйича мутахассислар ва тармоқнинг ишлашини таъминловчи қурилмаларни ўрганувчи гуруҳлар ишдан бўшатилган. Шунингдек, Twitter’га асосий фойда олиб келувчи хизматларни бошқарадиган монетизация жамоасида ҳам ишчи кучи камайган. Ходимлар сони 30 кишидан 8 кишига тушган. Маълум бўлишича, молиявий муаммолар ва реклама берувчиларнинг чиқиб кетиши фонида харажатларни кескин камайтирилиши сабабли бу жараён юз берган. 500 дан ортиқ реклама берувчилар контентни модернизация қилиш билан боғлиқ муаммолар туфайли ижтимоий тармоқ билан ҳамкорликни тўхтатган.
Жорий йилнинг 17 январь куни Тwitter’нинг кундалик даромади 2022 йилнинг ҳудди шу кунига нисбатан 40 фоизга камайган.
Бугунга қадар, умумий ҳисобда 7500 кишидан 5200 таси (ходимларнинг 80 фоизи) ишдан бўшатилган. Даромаднинг кескин камайиши оқибатида корхона ўзининг офис жиҳозлари, хусусан, қаҳва аппарати ва пицца печларини сотишга мажбур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 28 октябрь куни америкалик тадбиркор Илон Маск Twitter’ни 44 миллиард долларга сотиб олган эди. Айнан шу вақтда корхонада иш кучидан воз кечиш авж олган. 2022 йилнинг ноябрь ойида компания кенг миқёсдаги қисқартиришларга дучор бўлган айрим ходимлардан штатга қайтишини сўраган.
Умида Мухторбекова