Тузумларни куч билан ағдаришдан воз кечамиз – АҚШ демократия ўрнатиш сиёсатини ўзгартиради
Олам
−
04 Март 2021
3616АҚШ дунёда демократияни зўравонлик билан тарғиб қилиш сиёсатидан воз кечади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен мамлакат ташқи сиёсатига бағишланган брифинг пайтида айтиб ўтган.
"Биз қимматли ҳарбий операциялар билан демократия ўрнатмаймиз. Бундан ташқари, АҚШ авторитар тузумларни куч билан ағдариш уринишларидан воз кечади", деган Блинкен.
Ташқи сиёсат бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, Вашингтон томонидан яхши ниятлар бўлганига қарамай, шу тарзда ҳаракат қилишга ўтган уринишлар керакли натижаларни бермаган.
"Биз бошқача йўл тутамиз: бошқа мамлакатларга ўз намунамизни намойиш этиш ва демократик ўзгаришлар учун шерикларимизни мукофотлаш орқали демократияни тарғиб қиламиз", деб қўшимча қилган Давлат котиби.
Блинкен америкаликларга мурожаат қилиб, ташқи сиёсат бўйича аниқ қарорларни ишлаб чиқиш учун улардан Президент Жо Байденнинг янги маъмуриятига бироз вақт беришни илтимос қилган.
Демократияни тарғиб қилиш АҚШ ташқи сиёсий доктринасининг асосларидан биридир.
Демократик қадриятларни тарғиб қилиш ниқоби остида режимни ағдариш тўғрисидаги биринчи расмий тан олинган фактлардан бири бу 1953 йилда Эронда содир бўлган давлат тўнтаришидир.
Яқин тарихда Давлат департаменти Грузия ва Украинани демократлаштиришнинг муваффақиятли намуналари ҳамда Сербия ва Черногориядаги ўзгаришларни кўриб чиқмоқда.
Маълумот ўрнида, 2020 йил кузида АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Вашингтон ўзининг тинчлик сиёсатини энг янги қуроллардан фойдаланган ҳолда кучли позициядан қуришини ваъда қилганди.