Тўй кортежи иштирокидаги ЙТҲда 4 киши ҳалок бўлди
Олам
−
31 Декабрь 2025 12687 1 дақиқа
Жорий йилнинг 27 декабрь куни Тожикистоннинг Хатлон вилояти Данғара-Сарбанд автомобиль йўлида тўй кортежи билан юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Сарбанд туман марказий шифохонаси бош шифокорининг ўринбосари Давронбек Мусаевнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида келиннинг тўрт нафар яқин қариндоши вафот этган, яна тўрт киши жароҳатланган.
Тўй кортежи Восе туманидан Жалолиддин Балхий туманига келинни олишга йўл олган. Дастлабки маълумотларга кўра, кортеждаги электромобиль қарама-қарши йўл бўйлаб ҳаракатланаётган Lexus билан тўқнашган.
Электромобилнинг уч нафар йўловчиси – 17 яшар Субҳони Сафари, 42 яшар Нур Шамсиддинов, 15 яшар Ҳафиза Шамсиддинова ва шунингдек, ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Уларнинг барчаси Восе тумани аҳолиси. Lexus йўловчилари оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилган. Ҳодисанинг сабабларини аниқлаш ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда музлама сабабли йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз берганди. Тезкор автомагистралда 50 дан ортиқ автомобиль тўқнашган, улардан камида 10 таси ёниб кетган. Оммавий авария оқибатида бир нафар кекса аёл вафот этган.
Live
Барчаси