Тўй-ҳашамларнинг вақтинча тўхтатилишига изоҳ берилди
Жамият
−
21 Март 2020
14206Аввалроқ, Янги турдаги коронавируснинг Ўзбекистон Республикасига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 23 мартдан бошлаб “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур қарор коронавирус билан боғлиқ мамлакатдаги вазият ҳақида турли хил асосланган маълумотларнинг тарқалиши, одамлар орасида шов-шувнинг пайдо бўлиши ва ваҳиманинг ортишига сабаб бўлмоқда. Аслида эса мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилишини вақтинча чеклаш бошқа давлатларда кузатилган эҳтимолли хавф-хатарнинг олдини олиш мақсадида қабул кўрилган чора. Ушбу қарорга расмийлар томонидан қуйидагича таъриф берилмоқда:
“Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда кўрилган қатор масалалар юзасидан республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 21 мартдан эътиборан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгил очар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно) караоке, билярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилади.
Шунингдек, 23 мартдан бошлаб “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ мамлакатимиз фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлари билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади.
Мажлисда айни пайтда чет элларда бўлиб турган фуқароларни мамлакатимизга қисқа вақтлар ичида олиб келиш ва уларни белгиланган тартибда 14 кун карантинда сақлаш юзасидан кўрилаётган чоралар атрофлича муҳокама қилинди.
Комиссиянинг бундай қарорга келишидан кўзлаган бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги CОVID-19 вирусининг тарқалишини олдини олишдир. Ишонаманки, бундай пайтда ҳар қандай орзу-ҳавасдан шу азиз Ватанга бўлган меҳримиз, бир-биримизга бўлган самимий муҳаббатимиз устун келади. Синовли кунларда янада ҳамжиҳат бўлсак, барча қийинчиликни енгиб ўтамиз.
Сизлардан шундай пайтларда ўзингизни ва яқинларингизни соғлигига бефарқ бўлмай, бир-бирингизни қўллаб-қувватлашингизни, гигиена талабларига қатъий риоя қилишингизни яна бир бор илтимос қиламиз”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 33 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor