Тўртта вилоят. Ичимлик суви масаласи “жар ёқасига” келиб қолган ҳудудлар маълум бўлди
Жамият
−
12 Май 2020
11372Бугунги кунда Фарғона вилоятида 85 фоиз, Тошкент вилоятида 75, Хоразм вилоятида 61,9, Қашқадарё вилоятида эса 54,2 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви, аҳолининг қолган қисми эса альтернатив ичимлик суви манбалари билан таъминланган. Бу кўрсаткичлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда энг паст натижаларни Қашқадарё вилоятининг айрим туманлари, хусусан, Ғузор — 2,1 фоиз ва Деҳқонобод — 2,0 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилган.
Тўртта — Тошкент, Фарғона, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида тасдиқланган тармоқ жадвалларидаги лойиҳаларни амалга оширишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган. Хусусан, молиялаштиришдаги муаммолар туфайли Тошкент вилоятида белгиланган лойиҳаларнинг 17 таси, Фарғона вилоятида 20 таси ҳамда Қашқадарё вилоятида 14 таси тўлиқ якунланмаган ва шу сабабли йилдан йилга ўтувчи лойиҳалар туркумига ўтказилган.
Маълум бўлишича, Чирчиқ шаҳрида сув қувури ўтказиш жараёнида пудратчилар томонидан табиий равишда йўл инфратузилмасига зарар етказилган. Пудратчига йўл таъмири учун маблағ ажратилмаганлиги сабабли йўллар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Депутатларнинг таъкидлашича, бу ҳолат деярли барча лойиҳаларда тизимли муаммога айланиб қолгани ачинарли.
“Ҳар тўртала ҳудуднинг айрим туманларида, айниқса, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг кўплаб аҳоли пунктларига ер ости ичимлик суви манбаси йўқлиги сабабли аҳолига ичимлик суви ташиб бериш йўли билан етказилади. Ичимлик суви ташувчи транспорт воситаларининг аксарият қисми эса санитария талабларига жавоб бермайди. Аҳоли ичимлик сувини санитария талабларига зид равишда ойлаб давомида махсус идишларда ёки ҳовузларда сақлайди. Бу эса аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмайди”, дея гапириб ўтилди йиғилишда.
Ушба вилоятларда ичимлик суви истеъмолини ҳисобга олиш асбоблари, шунингдек, сув таъминоти ва канализация тизими объектларига оид зарур барча ахборотни “онлайн” режимида киритиш, сақлаш, мунтазам янгилаш ҳамда мониторинг қилишни таъминлайдиган ягона тизимнинг йўқлиги сувни исроф қилиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ошиб кетаётганига сабаб бўлаётгани айтилди.
Маълумотларга кўра, сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишда ҳар иккаласининг бир вақтда бажарилмаслиги, айниқса, кўп қаватли янги уйларда сув таъминоти бўлса-да, канализация тизими йўқлиги ва аксинча. Мазкур ҳудудларнинг ер ости ичимлик суви шаклланадиган туманларида канализация тармоғи ночор ҳолга келиб қолган. Шу боис мавжуд ер ости сув захираларининг ифлосланишига олиб келмоқда. Бу борада қарорда белгиланган айрим канализация объектлари лойиҳаларининг, жумладан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Қибрай, Фарғона вилоятининг Фарғона, Учкўприк, Бешариқ туманларида, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманларида кечиктирилиши ушбу хавфни янада кучайтиряпти.
Ўрганишларда ҳар тўртала вилоятдаги аксарият аҳолига сув тайёрлаш ва узатиш пункларида сувни зарарлантириш ускуналари мавжуд эмаслиги аниқланган. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлили мавжуд ичимлик суви объетларида сув сифати санитария талабларига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда.
Йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
LiveБарчаси