Турли соҳа ходимлари пахта теримига мажбурий жалб этилаётгани айтилмоқда
Жамият
−
27 Сентябрь 2022
11825Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида пахта йиғим-терими ишларига турли соҳа ходимлари мажбурий жалб этилаётганига оид айрим хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мазкур хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан ҳар қандай кўринишдаги мажбурий меҳнатга жалб этиш, ишчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан ўрганилиши, бартараф этилиши ҳамда айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилиши назоратга олинган.
Шунингдек, мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга солинган, ушбу қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилган.
“Азиз юртдошлар, агар Сиз мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз “1176” ҳамда “1092” рақамли “ишонч телефон”ларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳамда зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади”, дейилади комиссия баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида “Cotton Campaign” коалицияси ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилганди. Бойкот 2009 йилда пахта теримида мунтазам равишда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани учун жорий этилганди. Бу эса ўзбек пахтасининг халқаро бозордаги қадрига жиддий путур етказиб келаётганди.
LiveБарчаси