Туркманистонда тўлиқ карантин жорий қилиниши мумкин
Олам
−
27 Октябрь 2020
8335Туркманистон Ҳукумати коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораларини жиддий кучайтириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу Тошҳовуз вилоятидаги ДЗ-К/8 аёллар колониясида COVID-19 тарқалгани билан боғлиқ. “Asia Plus” хабарига кўра, колонияда вазият оғир.
Маълум бўлишича, ҳозиргача колониядаги 500 нафар аёлда COVID-19 аниқланган. Шунингдек, Лебоп вилоятидаги эпидемиологик вазият ҳам жиддийлашмоқда, вилоятдаги карантин зонасида 10 кун аввал бир неча кишида коронавирус аниқланган.
Туркманистон ҳукуматига яқин манбанинг хабар беришича, ДЗ-К/8 аёллар колониясида коронавирус тарқалгани, шунингдек, Лебоп вилоятидаги вазият мураккаблашаётгани сабабли бутун мамлакат бўйлаб қатъий карантин чораларини жорий қилиш масаласи жиддий муҳокама қилинмоқда.
“Қарор ҳали қабул қилингани йўқ, бироқ 1 ноябрдан ҳудудларнинг тўлиқ изоляция қилиниши, жумладан, ички авиақатновларнинг тўхтатилиши, вилоятлар ўртасидаги ҳаракатнинг тақиқланиши, хусусан, Ашхободга бошқа вилоятлардан киришнинг тақиқланиши кутилмоқда. Оммавий тадбирлар ўтказилиши чекланиши мумкин. Бундан ташқари, одамларнинг уйдан ташқарида бўлишига ҳам жиддий чеклов қўйилиши мумкин”, дейилади манба хабарида.
Туркманистонда бир қатор карантин чоралари аллақачон жорий қилинган. Хусусан, ниқоб тақиш, йўловчи ташувчи поездлар қатновининг тўлиқ тўхтатилиши, вилоятлар ўртасидаги транспорт қатновига қатъий чекловлар. 2020 йилнинг июль ойида жорий қилинган мазкур чекловлар доимий равишда узайтирилмоқда. 15 октябрда мазкур чекловларнинг 15 ноябргача узайтирилиши эълон қилинган.
“Тошҳовуздаги колонияда 500 нафардан ортиқ аёл коронавирус билан касалланган. Вазият жиддий. Касалланганларнинг катта қисмида икки томонлама пневмония ва ўпканинг жиддий зарарланиши кузатилмоқда. Касалланганлар бошқалардан изоляция қилинган, бироқ мазкур муассасадаги шароитларда тўлиқ изоляция ва ажратишни таъминлашнинг имкони йўқ. Асосий сабаб колониянинг тўлиб кетгани ҳисобланади”, деган манба.
Колонияда касалланган аёлларнинг 200 нафари оғир аҳволда, шифокорлар уларнинг кўпчилигини қутқариб бўлмаслигини айтмоқда.
Қайд этилишича, 1000 нафар маҳбусга мўлжалланган колонияда айни пайтда 1500 нафардан ортиқ аёл жазо муддатини ўтамоқда.
Аввалроқ Туркманистон мактабларида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 15 нафаргача, дарслар давомийлиги эса 25-35 дақиқагача қисқартирилганди. Шунингдек, мактаб дастуридаги баъзи фанлар ҳам қисқартирилганди.
Бундан ташқари, диний муассасалар ёпилиб, спорт мусобақалари ҳам тўхтатиб қўйилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь