Туркманистонда икки палатали Парламент тузилади
Олам
−
26 Сентябрь 2019
2681Кеча, 25 сентябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда Халқ Маслаҳати (Халқ Кенгаши)нинг иккинчи йиғилишида Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Кенгаш ва Мажлисни ягона икки палатали вакиллик органига бирлаштириш ғоясини билдирди. Бу ҳақда "Хроника Туркменистана" хабар бермоқда.
Давлат раҳбари таклифига кўра, Кенгаш Парламентнинг юқори палатаси бўлади. Президент Конституцияга тегишли ўзгартиришлар ишлаб чиқилишини ва бир йил ўтиб Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида киритилишини буюрди.
Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, бундай кескин ўзгаришлар "қонунлар ва миллий дастурларнинг бажарилишини назорат қилиш учун шароит яратади", шунингдек, "туркман жамиятининг барча қатламлари манфаатларини ифода этиш имконини беради".
Айрим сабабларга кўра, мавжуд кўп партияли Мажлис жамиятнинг барча қатламларини ҳимоя қила олмаслиги, шунингдек, икки палата вакилларининг ваколатлари ўзгариши ва қайта тақсимланиши ҳақида хабар қилинмаган.
Таъкидлаш керакки, мавжуд Халк Маслаҳатига сайловлар мутлақо ноаниқ. Кенгашга ким, қандай мезонларга кўра сайлангани номаълум.