Порт ишчилари пахта теримига мажбурланмоқда
Олам
−
17 Октябрь 2019
6822Туркманистоннинг Туркманбоши денгиз портидаги ишчилар пахта теримига юборилмоқда. Бу ҳақда Тurkmennews хабар бермоқда.
Нашрга кўра, портнинг барча ходимлари Сердар (Қизил-Aрват) шаҳрининг шимолидаги далаларга навбат билан теримга жўнаши шарт. Теримга бормаслик учун эса, кадрлар бўлимига 300 манат (расмий курс бўйича 85 доллар) тўлаши керак. Ушбу пул эвазига муқобил теримчилар ёлланади. Aксарият ходимлар пул тўлашни афзал кўради, чунки улар ўн кунлик сафари давомида далада кўпроқ пул сарфлайди.
Ишчиларга на овқат, на турар жой, на йўл ҳақи тўланмайди.
Манбаларга кўра, порт ходимларидан бири пулни тежашга қарор қилган, чунки у беш фарзанднинг отаси. У теримчи ёллаш учун пул тўламаган, балки ўзи теримга чиққан. Натижада, кун буйи нон еб, сув ичиб, ҳатто тунни ҳам далада ўтказди (ҳеч бир қишлоқ аҳолиси уни уйига бепул киришига рухсат бермади). У ҳашаротларга таланиб, уйга қайтди,
Энди у ўз ҳамкасбларига кейинги сафар ҳар қандай усул билан теримчи ёллаш учун пул топишини айтмоқда.
Мустақил оммавий ахборот воситалари мунтазам равишда Туркманистон давлат хизматчиларининг пахта теримига юбораётгани ҳақида хабар беради. Бу ишда ҳарбий хизматчилар ҳам иштирок этади.
Маъмурлар пахта терими иложи борича автоматлаштирилганини ва қўшимча пул ишламоқчи бўлган кўнгиллилар пахтани қўлда териб олаётганини айтади.
Шунга қарамай, H&M, IKEA, Adidas, Esprit ва яна 60 га яқин хорижий компаниялар мажбурий меҳнатга қарши норозилик сифатида туркман пахтасини сотиб олишдан бош тортган.
2018 йил май ойидан бошлаб худди шу сабабларга кўра Туркманистон пахтасини AҚШга олиб кириш тақиқланди, гарчи Туркманистон расмийлари ҳанузгача АҚШга пахта етказиб бериш усулларини изламоқда.