Туркманистон йирик зилзилага тайёргарлик бошлади. Одамларни кўчириш учун лагерлар ташкил қилинмоқда
Олам
−
27 Март 2023
52449Туркманистон ҳукумати зилзила ва бошқа офатлар юз берганда маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш учун мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида лагерлар ташкил этиш ниятида. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда Лебап вилояти Ички ишлар вазирлигига қарашли корхона, шифохона ва бошқармалар раҳбарларига маълум қилинган.
Вақтинчалик турар жой зоналарининг яратилишига сўнгги пайтларда Марказий Осиё мамлакатларида, жумладан Туркманистонда содир бўлган бир неча кучли зилзилалар сабаб бўлган.
Туркманистонлик сейсмологларнинг маълумотларига кўра, яқинда мамлакатда содир бўлган силкинишлар кучи (21 март куни эпимаркази Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисмида 6,5 балли зилзила содир бўлган) 4,8 баллга етган. Қурбонлар ва вайроналар бўлмаганига қарамай, кейинги уч кун давомида Туркманистоннинг барча ҳуқуқ-тартибот идоралари кучайтирилган режимда ишлади.
Йиғилиш иштирокчиларига маъмурий марказдан 8-10 километр узоқликдаги ҳар бир вилоятда 20 гектар майдонда табиий ёки техноген оқибатлар содир бўлган тақдирда аҳолининг вақтинча яшаши учун ҳудудлар ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилингани ҳақида маълумот берилган. У ерда чодирлар ва сув идишлари ўрнатилади. Вилоятларда жойлашган ҳарбий қисмлар ушбу ҳудудларни чодирлар, кўрпа-тўшаклар ва матраслар билан таъминлаши керак.
Омборларга озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун жойлар ажратилади, улар камида 15 кун кунга етарли бўлиши керак. Шунингдек, дори-дармон, бинт, гигиена воситалари ва зарур товарлар захираси яратилади.
Ички ишлар органларига банклар, давлатга қарашли дўконлар ва озиқ-овқат омборлари ҳамда завод ва фабрикалар омборларида сигнализация воситаларининг ишлашини текшириш топширилди. Ҳокимиятнинг фикрича, фалокат юз берган тақдирда талончилик бошланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 март куни Тошкент вақти билан 21:47 да Афғонистонда зилзила содир бўлди. Мазкур зилзила Ўзбекистон ҳудудларида ҳам сезилиб, 5-6 баллни ташкил қилган.
Шунингдек, 23 март куни соат 1:07 да Ўзбекистонда яна зилзила қайд этилди. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика марказининг хабар қилишича, ушбу зилзила эпимаркази Тошкент шаҳридан 217 км жануби-шарқда, Тожикистонда бўлган. Тошкентда ер силкинишининг таъсир кучи 5 баллга тенг бўлган эди.
Бундан ташқари, 24 март куни ижтимоий тармоқларда яқин кунларда республикада яна зилзила содир бўлиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, ҳозирги вақтда дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва ҳатто тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмаслигини билдирганди.
LiveБарчаси