Туркманистон “Темир йўллари” собиқ раҳбари Россияда 8,5 йилга қамалди

Олам

image

Жорий йилнинг 21 июль куни Москва вилоят суди 2025 йил октябрь ойида Домодедово аэропортида Россияга психофаол моддалар олиб кираётганда қўлга олинган Туркманистон “Темир йўллари” АООТ (“Demirýollary”) собиқ раҳбари Хидир Раҳмоновга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Илгарироқ Домодедово шаҳар суди уни айбдор деб топиб, 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Мулозимни озод қилишга юқори лавозимли ҳомийлар ва воситачилар, жумладан, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳамда адвокатларнинг бутун бир жамоаси уринган. Бу ҳақда “TurkmenNews” хабар берди.

Раҳмоновга нисбатан айблов ҳукми 16 апрель куни чиқарилган. Домодедово шаҳар суди судьяси Дина Ханси ашёвий далилларни, туркман мулозимининг қўлга олиниш ҳолатини ва турли енгиллаштирувчи ҳолатларни кўриб чиқиб, эркакни икки модда бўйича айбдор деб топган, аммо нисбатан енгилроқ жазо тайинлаган. 

Шундай қилиб, судланувчига катта миқдордаги психофаол моддалар контрабандаси (Россия Жиноят кодексининг 229.1-моддаси 3-қисми) айби қўйилган бўлиб, ушбу модда бўйича 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Раҳмоновга бу модда бўйича 8 йил берилган. Алоҳида равишда, у ўтказиш мақсадисиз катта миқдордаги психофаол моддаларни ноқонуний сақлагани учун (228-модда 2-қисми) 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди (қонунда бунинг учун 3 йилдан 10 йилгача муддат белгиланган).

Судья қисман қўшиш йўли билан судланувчи умумий ҳисобда 8 йилу 6 ой панжара ортида жазо ўташи кераклигини белгилаган. Муддат қўлга олинган сана – 2025 йил 4 октябрдан бошлаб ҳисобланади.

Ҳукмда тушунтирилишича, жазо муддати белгиланган чегарадан паст бўлган, чунки суд Раҳмоновнинг “шахсини ҳисобга олган ҳолда” енгиллаштирувчи ҳолатлар мажмуини “истисно тариқасидаги” деб топган. Ушбу ҳолатлар ва тавсифлар орасида қуйидагилар келтирилган:

  • айбни тўлиқ тан олиш, пушаймонлик ва тергов билан ҳамкорлик қилиш;
  • қарамоғида турли яқин қариндошлари, жумладан, вояга етмаган фарзанди ва сурункали касалликлари бор онаси мавжудлиги;
  • ўзидаги сурункали касалликлар;
  • ижобий тавсифномалар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мулозимга нисбатан қўзғатилган ишни уч миллион доллар миқдорида пора бериш орқали ёпишга ҳаракат қилингани ҳақида хабар берилган эди. Пуллар Ашхободдан дипломатик почта орқали юборилган. Россиядаги воситачилар сифатида Михаил Переплеснин ва Эсен Айдогдиев (ҳозирда Туркманистоннинг АҚШдаги, ўша пайтда эса Россиядаги элчиси) кўрсатилган. Масалани Ашхободдан шахсан Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов назорат қилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг