Туркманистон “Темир йўллари” раҳбари Россияда наркотик билан ушланди
Олам
−
03 Ноябрь 12406 2 дақиқа
Жорий йилнинг октябрь ойи бошида Москванинг Домодедово аэропортида Туркманистоннинг давлатга қарашли “Demirýollary” компанияси бош директори Хидир Раҳмонов ва унинг севгилиси қўлга олинган. Россия божхоначилари жуфтликнинг шахсий буюмлари орасидан LSD таблеткаларини топган. Суд қарорига кўра, Раҳманов тергов изоляторига жойлаштирилган. Бу ҳақда “Turkmen.news” хабар берди.
Қайд этилишича, расмий шахснинг қўлга олингани ҳақидаги маълумотни “Turkmen.news” нашрига бир-биридан мустақил иккита манба тасдиқлаган. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 4 октябрга ўтар кечаси Раҳмонов севгилиси билан S7 авиакомпанияси рейси орқали Ашхободдан Москвага учиб борган. Домодедово аэропортининг божхона назоратида аёлнинг ўзини провокацион тутиши ходимларнинг эътиборини тортган. Шахсий буюмлар текширилганда, синтетик психоактив модда ҳисобланган LSD таблеткалари топилган.
“Туркманистоннинг Россиядаги элчиси Эсон Айдоғдиев бу ишни ёпишга уринганига қарамай, Домодедово шаҳар суди судьяси Дина Ханси Раҳмоновни 3 декабргача қамоқда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Demirýollary” компанияси 2020 йилда ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов қарори билан “Turkmendemirýollary” агентлиги (ҳозирги Темирйўл транспорти вазирлиги) негизида ташкил этилган. Компания Туркманистон темирйўл инфратузилмасининг бир қисмини бошқаради, йўловчи ва юк ташиш, шунингдек темирйўлларга оид кўприк ва бошқа иншоотларни қуриш билан шуғулланади.
Хидир Раҳмоновнинг укаси Аркач Раҳмонов эса Туркманистон Президенти хавфсизлик хизмати офицери ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистоннинг 78 ёшли собиқ бош прокурори Қурбонбиби Отажонова жорий йилнинг 26 сентябрь куни Тошҳовуздаги (Туркманистон) DZ-E/8 аёллар қамоқхонасида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси