Туркманистон Покистон билан транзит йўлини очмоқчи. Аммо ўртада Афғонистон бор
Олам
−
01 Октябрь
5268Денгизга чиқиш имкони бўлмаган Марказий Осиё давлатлари бозорларга чиқиш учун ўзларига муқобил вариантларни ишлаб чиқишмоқда. Туркманистон Покистон билан Гвадар порти борасида келишув имзолаши кутилмоқда. Аммо бу шартноманинг имзоланишига Туркманистон учун бир қанча хавфлар мавжуд. Американинг “The Diplomat ” нашри ана шу хавфлар ҳақида ёзди.
Мақолада ёзилишича, Туркманистон учун 2 та хавф мавжуд.
Биринчиси, ушбу порт билан алоқа қилиш учун Афғонистон билан келишиш керак. Аммо 2021 йилдан бери Афғонистон ва Покистон муносабатлари яхши эмас. Туркманистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуснинг муҳим жиҳати транзит йўл Афғонистон орқали ўтиши керак. Аммо Покистон ва Афғонистон муносабатлари Афғонистонда “Толибон” ҳукуматга келганидан кейин ёмонлаша бошлаган. Трансчегаравий зўравонликлар ва Покистоннинг афғон қочқинларини ватанига қайтаришга интилиши туфайли муносабатлар ёмонлашган. Покистоннинг Дуранд чизиғи бўйлаб чегара тўсиқларининг қурилиши бу муносабатларни янада кескинлаштирган.
Иккинчиси, Покистон ҳудудидаги терактлар ва хавфсизлик вазияти. Ўзининг ўта эҳтиёткор ташқи сиёсати билан танилган Туркманистон Покистон-Афғонистон муносабатлари, минтақавий хавфсизлик, порт салоҳияти ва транспорт инфратузилмаси яхшиланиши белгиларини кўрмагунча, лойиҳага тўлиқ сармоя киритишда иккиланиши мумкин.
Туркманистон шартнома имзоламоқчи бўлаётган Покистоннинг Гвадар порти Хитой-Покистон иқтисодий коридорининг (CPEC) бир қисми ҳисобланади. Шунингдек, порт Хитойнинг “Overseas Port Holding” компанияси оператив назорати остида.
Дунёдаги энг катта газ захирасига эга мамлакатлардан бири бўлган Туркманистон асосан газ экспорт қилади. У узоқ вақтдан бери Жанубий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё ва ҳатто Африкадаги бозорларга киришни кенгайтириш учун турли хил транзит йўналишларини қидириб келган.
Нашрнинг ёзишича, Туркманистон тарихан Эрон, Афғонистон, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, Россия ва денгизга чиқиш имкони йўқ Каспий денгизи орқали ўтадиган йўналишларида савдо қилиб келган. Гвадар порти билан боғланиш ташаббуси Туркманистонга Араб денгизи ва пировардида баъзи муҳим халқаро юк ташиш йўналишларига асосий чиқиш жойини тақдим этади.
Жорий йилнинг июль ойида Туркманистон Қозоғистон, Россия ва Эрон билан Шимолий-Жанубий транзит йўлагини ривожлантириш бўйича муҳим шартнома имзолаган. Шунга ўхшаб, Ашхобод Грузия, Озарбайжон ва Руминия билан яна бир шундай ҳамкорликни имзолади.
Журналист Мариям Сулаймонга кўра, Туркманистон Покистон портларига қизиқаётган биринчи Марказий Осиё давлати эмас. 2021 йилда Покистон Марказий Осиёнинг барча давлатларига ўз таклифи билан чиққан эди. Ўшанда Покистон ва Ўзбекистон имтиёзли савдо транзити, божхона тартиб-таомиллари ва визани соддалаштириш бўйича икки томонлама шартномалар имзолаган, шу билан бирга йирик темирйўл коридори ҳам таклиф қилинган.
Журналистнинг ёзишича, Туркманистоннинг Гвадар портига бўлган қизиқиши унинг дунёда давом этаётган геосиёсий беқарорлик ва санкциялар фонида Россия ва Эрон транзит йўналишларига бўлган қарамликни камайтиришга имкон яратади.
Агар режа амалга ошса, Туркманистоннинг Гвадар портидан халқаро юк ташиш учун фойдаланиши Марказий Осиёдан Покистон орқали халқаро бозорларга олиб бориладиган логистика операцияларини соддалаштиради.
Бундан ташқари, узоқ вақтдан бери денгиз жўнатмалари ҳамда қуруқликдаги савдо учун глобал марказ сифатида кўриб чиқилган Гвадар портида суюлтирилган табиий газ терминаллари мавжуд эмас. Порт, шунингдек, фақат автомобиль транспортига таянади.
Покистон учун ML-1 темирйўли ва Гвадар салоҳиятини рўёбга чиқариш портни Марказий Осиё учун муҳим транзит маркази сифатида яратиши ва иқтисодий фойда келтириши, шу жумладан валюта оқими ва иш имкониятларини ошириши мумкин.
“Туркманистоннинг Гвадар портига кириш бўйича Покистон билан потенциал ҳамкорлиги ҳар икки давлат учун ҳам ғалаба қозониш келишувини таклиф қилса-да, бу имтиёзларни амалга ошириш йўли қийинчиликларга тўла. Мураккаб хавфсизлик вазиятини, минтақадаги таранг дипломатик муносабатларни ва ривожланмаган инфратузилмани ҳал қилиш бўйича жиддий саъй-ҳаракатларсиз бу лойиҳанинг амалга оширилиши сўроқ остида қолади”, дейилади мақолада.
Шоҳжаҳон Мажидов
LiveБарчаси