Туркия Суриядаги операциясини қачон бошлаши мумкинлиги айтилди
Олам
−
13 Июнь 2022
8718Туркиянинг Суриядаги янги ҳарбий операцияси мусулмонларнинг 9-12 июль кунларига тўғри келадиган Қурбон ҳайитидан сўнг дарҳол бошланиши мумкин. Бу ҳақда “Hürriyet” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, янги ҳарбий ҳаракатлар Туркия армиясининг Ироқ шимолидаги жорий трансчегаравий операцияси якунланганидан кейин бошланиши эҳтимоли бор.
18 апрелдан буён Туркия армияси Ироқ шимолида “Панжа – Қалъа” операциясини ўтказмоқда. Мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партиясининг (PKK) 220 дан ортиқ жангариси ҳамда уларнинг асосий базалари, қурол-яроғ ва озиқ-овқат омборлари йўқ қилинган.
“Hürriyet” нашрининг ёзишича, Туркия Қуролли Кучлари Ироқ шимолидаги операцияни муваффақиятли якунламоқчи, шу сабабли Сурия шимолида ўтказиладиган янги операциясини Ироқдаги жанговар ҳаракатлар тўхтатилган пайтдан бошлаши керак.
Нашрга кўра, бошқа томондан Туркия армиясининг Сурия шимолидаги Телль-Рифат ва Манбиждаги операция учун армия гуруҳини шакллантириш ҳали тўлиқ якунига етмаган.
Аввалроқ, Туркия Сурия шимолида ўтказишни режалаштираётган трансчегаравий операциянинг дастлабки босқичида қарийб 25 минг нафар турк аскари иштирок этиши мумкинлиги айтилган эди.
Операция учун буйруқ ҳали олинмаган, аммо уни Президент Ражаб Тойиб Эрдўған исталган вақтда бериши мумкин.
Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акарнинг ишонтиришича, операция фақат террорчиларга қарши қаратилган бўлиб, Туркия бошқа мақсадларни кўзламайди.
“Террористлардан бошқа муаммомиз йўқ”, деган у.
LiveБарчаси