Туркияга кетаётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Жамият

image

Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар давомида фуқаролар аэропортда бошқа одамларнинг юкларини олмасликка чақирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Таъкидлашича, авиақатновлар давомида айрим шахслар аэропортларда ўз юкларини Ўзбекистонга етказиб беришни илтимос қилиши мумкин. Улар турли баҳоналар билан фуқароларни (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) ишонтиришга ҳаракат қилади.

“Бироқ бундай ваъдаларга ишонманг ва бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг”, дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, ўтган йилларда бир неча Ўзбекистон фуқаролари айнан шундай вазиятларга тушиб қолган ва ноқонуний юкларни, жумладан наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтганлари учун ҳибсга олинган:

2023 йил – Истанбул аэропортида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси номаълум шахснинг илтимосига биноан юкни олиб ўтишга рози бўлган. Бироқ чегарада текширув вақтида юк ичидан катта миқдорда наркотик моддалар топилган. Оқибатда у 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2022 йил – Анталия шаҳридан Тошкентга қайтаётган яна бир фуқаро ўзига нотаниш кишининг юкини олиб ўтишга рози бўлган. Юк таркибида сохта паспорт ва ноқонуний ҳужжатлар борлиги аниқланиб, фуқаро бир неча йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Бегона одамларнинг юкини ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг. Сизнинг эҳтиётсизлигингиз ёки бегоналарга бўлган ишончингиз оғир жиноий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шубҳали илтимосларга алданманг ва ўз хавфсизлигингизни ҳимоя қилинг”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия ўзбекистонликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг