Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Олам
−
20 Февраль
10230Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди. Бу ҳақда консулхонанинг расмий Telegram-каналида хабар қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги пайтларда айрим жиноий гуруҳлар Ўзбекистон фуқароларига катта пул мукофоти ваъда қилиб, уларни Европа Иттифоқига, асосан Грецияга ноқонуний муҳожирларни денгиз орқали ўтказишда воситачи сифатида ишлатишга ҳаракат қилмоқда.
Ҳозирда бундай ноқонуний фаолиятга жалб қилинган фуқаролар Туркия қонунчилигига кўра жиноий жавобгарликка тортилмоқда ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилмоқда.
Ноқонуний миграцияга кўмаклашишнинг оқибатлари:
- 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси;
- Оғир жарималар ва депортация;
- Туркияда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш;
- Туркия ва Европа мамлакатларига кириш тақиқлари.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбулдаги Бош консулхонаси фуқаролардан турли ноқонуний ваъда ва тавсияларга ишонмасликни қатъий тавсия қилди.