Туркиядаги кинофестивалда ўзбекистонлик ижодкорларнинг қўйни-қўнжи мукофотлар билан тўлди
Маданият-санъат
−
06 Ноябрь 2022
316421-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган “Қўрқут ота” II туркий халқлар кинофестивалида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди ва қатор кино ижодкорлар совринли ўринларга лойиқ деб топилди.
Кинофестиваль доирасида, 4 ноябрь куни “Ўзбек кино кунлари” ижодий кечаси ҳам ташкил этилган бўлиб, Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати”, Акром Шохназаровнинг “101 рейс”, Иброҳим Расуловнинг “Муҳаббат баҳори” ва Фурқат Усмоновнинг “Инсон” кўп қисмли ҳужжатли фильмлари намойиш этилган.
Кеча, 5 ноябрь куни бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Кинорежиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати” фильми “Қўрқут ота” кинофестивалида “Энг яхши бадиий фильм” номинациясида Гран-прига сазовор бўлди.
“Энг яхши ҳужжатли фильм” номинацияси бўйича Гран-при “Инсон” фильми учун режиссёр Фурқат Усмоновга топширилди.
Шунингдек, Турк маданиятига қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева тақдирланган, аммо, мукофотни актриса Райҳон Уласенова қабул қилиб олган.
Яна бир ўзбекистонлик актриса Юлдуз Ражабова “Турксой” махсус мукофоти билан тақдирланди.
Турк маданиятига қўшган ҳиссаси учун “Мендирман Жалолиддин” сериали продюсери ва сценарий муаллифи Меҳмет Бўздоғ тақдирланди. Унга мукофотни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков топширган.
Маълумот ўрнида, иккинчи маротаба ўтказилган “Қўрқут ота” кинофестивалида бу йил 17 мамлакатдан 50 дан зиёд кино асарлар иштирок этган.