Туркияда жанозаси ўқилаётган эркак тирилди
Олам
−
10 Октябрь
47607Туркиянинг Истанбул шаҳридаги масжидда 80 ёшли Ҳалит Байшунинг жанозаси давомида унинг тирик экани аниқланди. Бу ҳақда NTV хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, жаноза маросимига тайёргарлик кўрилаётганда эркак бўлган тобутдан овоз эшитилган. Шундан сўнг, жаноза қатнашчилари шифокорларни чақирган. Тобут очилгач, улар кекса одамнинг пульсини аниқлаган.
“Мен тобутнинг устига эгилдим ва қандайдир товушни эшитдим, шундан сўнг тез ёрдам чақирилди”, дейди Айвансарай маҳалласи раиси Ғолиб Акчай.
Ўз вақтида етиб келган шифокорлар Ҳалит Байшуга юрак массажи қилган ва уни шифохонага олиб кетган, аммо у кейинчалик ҳаётдан кўз юмган.
Маълумот учун, шунга ўхшаш ҳолатлар аввал ҳам кузатилган. Масалан, 2021 йилда Ливанда жаноза пайтида “марҳум”нинг нафас олаётгани сезилган. Шундан сўнг, очиқ тобутда ётган эркакнинг ҳали тирик эканлигини шифокорлар тасдиқлаган, аммо унинг аввал қандай қилиб ўлик деб топилгани изоҳланмаган.
Шундай ҳолатлардан бири Индонезияда ҳам кузатилган. Унда 12 ёшли Сити исмли қиз жаноза маросимига тайёргарлик кўрилаётган пайтда “тирилган”. Ўсмир қиз диабет ва органлари зарарланиши туфайли шифохонага ётқизилган бўлган. У ерда қизнинг ўлими қайд этилган ва унинг жасади оиласига топширилган.
“Тўсатдан унинг кўзлари очилди ва юраги яна ура бошлаганини пайқадик”, деб эслайди қизнинг отаси.
Унинг олдига етиб келган шифокорлар қизни нафас олишига ёрдам бериш учун кислородга улаган, аммо бир соатдан кейин у вафот этган.
Эҳтимол, Сити “Лазар синдроми” деб номланган ҳолат натижасида қайта ҳаётга келган бўлиши мумкин. Бу ҳолат юрак етишмовчилигидан ўлим пайтида ёки реанимация уринишларидан кейин тахминан ўн дақиқа ичида содир бўлади. “Лазар синдроми” пайтида юрак фаолияти тикланади, одамлар нафас олади, йўталади, баъзида ҳатто ҳаракатлар ҳам сезилади. Аммо, қайта тикланган қон айланишидан сўнг, баъзида одамлар қисқа муддат ичида яна вафот этади.
LiveБарчаси