Туркияда йигит икки маъшуқасининг бошини кесиб, кейин ўз жонига қасд қилди (видео)
Олам
−
05 Октябрь
51385Туркиянинг Истанбул шаҳрида 19 ёшли йигит ўзини минорадан ташлаб вафот этди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Истанбул полиция бошқармаси томонидан берилган баёнотга кўра, полиция гуруҳлари Фотиҳда бир кишининг шаҳар деворларидан сакраб ўз жонига қасд қилгани юзасидан тергов бошлаган. Ўрганишлар натижасида С.Ж. исмли 19 ёшли гумонланувчи шаҳар деворларидан сакраб ўз жонига қасд қилган. Бунгача у соат 15:30 ларда Эюпсултонда 19 ёшли А.Ҳ. ва соат 16:00 атрофида Фотиҳда И.У. исмли 19 ёшли аёлларни ўлдиргани аниқланган.
Олинган маълумотларга кўра, касби қассоб бўлган гумонланувчининг жорий йилда руҳий касаллиги туфайли 5 марта шифохонада даволангани, икки марта бедарак йўқолгани ва бир марта ўз жонига қасд қилишга урингани қайд этилган. Гумонланувчи Эюпсултонда бирга яшаган оиласи синглисини университетга олиб кетиш учун шаҳар ташқарисига чиққанидан кейин уйда ёлғиз қолган. Бу ерда собиқ севгилиси А.Ҳ.ни бошини кесиб ўлдирган гумонланувчи, кейинчалик янги севгилиси И.У билан Фотиҳда учрашган.
Йигит И.У.нинг ҳам бошини кесган ва шаҳар деворлари тепасига чиқиб, жасадни бўлаклаган. Гумонланувчи воқеадан сўнг ўз жонига қасд қилган. Гумонланувчининг ўз жонига қасд қилиши ортидан воқеа жойида полиция гуруҳлари томонидан кенг қамровли хавфсизлик чоралари кўрилган. Гуруҳлар ҳудудга жўнатилган ўт ўчириш зинапояси билан деворларга кўтарилиб, ўлдирилган И.У.нинг жасад қисмларини қидирган. Гумонланувчи жасадни кўп бўлакларга бўлиб, бир қисмини шаҳар девори тепасида қолдириб, бир қисмини пастга улоқтиргани аниқланган. Воқеа жойида олиб борилган суриштирув ишлари ва прокурорнинг текширувларидан сўнг гумондор ва И.У. нинг жасадлари Суд тиббиёт институтига олиб кетилган.
Полиция гуруҳлари гумонланувчининг биринчи қотилликни содир этган уйида батафсил текширув ўтказган. Жабрланувчи А.Ҳ. нинг жасади Суд-тиббиёт экспертизаси институтига етказилган ва гумонланувчининг отасидан кўрсатма олинган. Отанинг айтишича, ўғли аввалроқ руҳий муаммолари туфайли даволанган.
Бошқа томондан, уйдаги тинтувлар чоғида гумонланувчининг хонасидан қалам топилган. Гумонланувчининг қотилликларни нима сабабдан содир этгани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай далил бўлмасада, ўлдирилган икки қиз ҳам талаба экани аниқланган.
Воқеа юзасидан Истанбул Бош прокуратураси томонидан тергов ишлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Қораҳайит шаҳридаги меҳмонхонада севгилисининг устига кислота сепиб ўлдирган эркак оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Воқеа 2022 йилнинг 9 май куни Кораҳайит туманидаги меҳмонхонада содир бўлган. Ўзғур Гюнден Истанбулдан келган ўзбекистонлик севгилиси Сожида Қаландарова ва унинг дўсти 25 ёшли Қирғизистон фуқароси Сарвиноз Хайруллаева билан дам олиш кунлари Қораҳайитдаги меҳмонхонага борган. Аниқланишича, телефонини рухсатсиз текширгани учун Гюнден ва севгилиси Қаландарова ўртасидаги жанжал муштлашувга айланган. Шунда Гюнден меҳмонхона қабулхонасига бориб, аввал қолдирган термосдаги кислотани олиб, хонага қайтади.
Гюнден термосдаги кислотани каравотда ётган севгилиси Қаландарованинг устига қуйган. Айни пайтда унинг балконда бўлган ва ҳайқириқни эшитиб хонага кирган дугонаси Хайруллаева ҳам кислотадан жароҳат олган. Гюнденнинг ўзи ҳам яраланган. Шу пайт аёлларнинг қичқириғи билан меҳмонхона ходимлари хонага кирган. Бу орада Ўзгур Гюнден қочиб кетган.
Хабар қилиниши билан воқеа жойига жандармерия ва тиббий гуруҳлар юборилган. Жароҳатланган Қаландорова ва Хайруллаева тез ёрдам машинасида Денизли давлат шифохонасига етказилган. Баданида 3-даражали куйиш жароҳати олган Қаландарова Измирга юборилади. Хайруллаева танасининг турли жойларидан куйиш жароҳатлари олган.
Денизли вилояти жандармерия жиноят тергов гуруҳи Гюнденни қўлга олади. Измирдаги Бозяка ўқув ва тадқиқот шифохонасида даволанаётган Қаландарова эса воқеадан 38 кун ўтиб вафот этади. Унинг ўлимига кимёвий куйиш асоратлари сабаб бўлган.
Туркия Бош прокуратураси томонидан унга айблов хулосаси тайёрланади. Денизли шаҳар 3-Оғир жиноятлар суди томонидан қабул қилинган айблов хулосасида Ўзгур Гюнденга қасддан баданга жароҳат етказиши оқибатида ўлимга сабаб бўлгани учун 16 йил ва бошқа жароҳатлаш айби билан 3 йилгача, жами 19 йиллик қамоқ жазоси сўралган. Суд жараёнида судланувчининг яна бир жабрланувчи Сарвиноз Хайруллаевага нисбатан қилган жиноят иши бўйича материаллар алоҳида кўриб чиқилди.
LiveБарчаси