Туркияда Ўзжан Дениз, Буржу Ўзберк ва яна 21 нафар машҳур қўлга олинди
Маданият-санъат
−
4613 2 дақиқа
Туркияда наркотик моддалар билан боғлиқ тергов доирасида таниқли шахсларга қарши навбатдаги операция ўтказилди. Натижада 23 киши, жумладан, хонанда Ўзжан Дениз ҳамда актрисалар Дениз Чақир ва Буржу Ўзберк қўлга олинди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Маълум қилинишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов доирасида жами 35 нафар гумонланувчини қўлга олиш ҳақида қарор чиқарилган. Уларнинг 23 нафари ушланган.
Қўлга олинганлар орасида Дениз Сўзен, Меҳмет Жан Каржи, Мурат Жейлан, Дениз Чақир Байкал, Пинар Бент, Жейлан Кая, Ишил Ишик Демир, Иброҳим Иззат Ўзилхон, Бурҳан Каража, Жем Гулер, Эрдал Бўзқуш, Иброҳим Йилмаз, Ўзжан Дениз, Сагар Шожай, Илкнур Шаҳин, Буржу Ўзберк, Мелтем Ўзкаядан, Сеҳер Гроте Севдисан, Мурат Башўғли, Уфук Гундоғду, Онур Юксел, Жансу Ташкин ва Муаммер Капужуўғли бор.
Прокуратура баёнотига кўра, тергов фоҳишалик, гиёҳвандлик ёки психотроп моддалар савдоси, шунингдек, уларни сотиб олиш, истеъмол қилиш ва сақлаш билан боғлиқ жиноятлар юзасидан олиб борилмоқда.
Гумонланувчиларнинг кўрсатмалари, гувоҳларнинг баёнотлари, мобил телефонлар ва бошқа рақамли материаллар бўйича экспертиза хулосалари, шунингдек, махфий гувоҳларнинг кўрсатмалари ўрганилган. Шундан сўнг 35 кишини гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ёки сақлашда гумон қилиб қўлга олиш ҳақида қарор чиқарилган.
Наркотик моддалар билан боғлиқ операциялар давомида ушланган гумонланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилгач, наркотик моддалар бўйича таҳлил топшириш учун Суд-тиббий экспертиза институтига олиб борилади. Шундан сўнг улар прокуратурада кўрсатма беради. Кейин гумонланувчиларни озод қилиш ёки судга юбориш бўйича қарор қабул қилинади.
Маълумот учун, Истанбул Бош прокуратураси томонидан таниқли шахсларга нисбатан олиб борилаётган тергов доирасида 2025 йил 8 октябрдан буён кўплаб операциялар ўтказилган. Тергов давомида мусиқачилар, актёрлар, менежерлар ва тадбиркорлар ҳам кўрсатма берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Бакиркўй тумани прокуратураси гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси бўйича 18 кишини ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарганди. Уларнинг орасида ўзбекистонлик томошабинларга “Муҳташам юз йил” ва “Чуқур” сериаллари орқали таниш бўлган актёр Арас Булут Ийнемли ҳам бор эди.
Live
Барчаси