Туркияда ўзбекистонлик аёл одам савдосидан қутқарилди (видео)
3-саҳифа
−
18 Апрель 4570 1 дақиқа
Туркияга уй хизматчиси бўлиб ишлашга борган ўзбекистонлик аёлни Н.А. исмли бошқа аёл номақбул мақсадларда сотишга уринди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон фуқароси интернет орқали Н.А. исмли аёл билан алоқа ўрнатиб, унинг таклифи билан Туркияда иш топиш умидида Истанбулга йўлга чиққан. Жабрланувчига турк оиласида уй хизматчиси бўлиб ишлаш таклиф этилган. Бироқ Истанбулга етиб боргач, Н.А. уни Шонлиурфа шаҳрига олиб бориб, у ерда маҳаллий жиноий гуруҳларга номақбул мақсадларда сотишга уринган.
Бош консулхонага ижтимоий тармоқдаги фаол блогерлар томонидан мазкур ҳолат бўйича маълумот тушган. Ваколатхона томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида аёлнинг хавфсиз тарзда Истанбулга етказилиши ва Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланган.
“Бош консулхона яна бир бор юртдошларимизни бегона воситачилар орқали чет элга чиқмаслик, ҳар қандай иш таклифини пухта ўрганиш ва фақат расмий манбалар орқали иш излашга чақиради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияга алдов йўли билан чақирилган ва фоҳишаликка мажбурланиб, мураккаб вазиятга тушиб қолган ўсмир қиз Ўзбекистонга қайтарилган эди.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь