Туркияда ўрмон ёнғини давом этмоқда
Олам
−
23 Август 2023
2833Туркия ғарбида, Дарданел бўғози яқинидаги Чаноққалъа вилоятида 1,5 минг гектар майдонни эгаллаган йирик табиий ёнғинни ўчиришга 2,7 мингга яқин одам жалб қилинди. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерлиқоя маълум қилди.
“Чанаққалъадаги табиий ёнғинни ўчириш ишлари тўхтовсиз давом этмоқда, уларга Фавқулодда вазиятлар департаменти кучлари, муниципалитетлар ва махсус бўлинмалар жалб қилинган. Ёнғинни ўчириш учун 2659 киши, 8 самолёт, 26 вертолёт, қарийб 640 ер техникаси ишламоқда. Вилоятдаги 9 та қишлоқдаги 337 та хонадондан 1251 киши профилактика мақсадида эвакуация қилинди. Шунингдек, Сарижаэли қишлоғидаги қариялар уйидан 72 киши эвакуация қилинди”, деб ёзган вазир X ижтимоий тармоғида.
Шунингдек, у ёнғин авиацияси томонидан оловни ўчиришни таъминлаш учун Дарданел бўғозида навигацияни вақтинча тўсиб қўйганини билдирган.
Чаноққалъадаги ёнғин кеча, 22 август куни тушдан кейин бошланган ва кучли шамол таъсирида аҳоли пунктларига яқинлашиб, катта майдонни қамраб олган. Ёнғин сабаблари ҳозирча аниқланмаган, расмийлар унга инсон омили сабаб бўлганини истисно қилмаяпти.
Об-ҳаво маълумотларига кўра, бугун, 23 август куни Чаноққалъа вилоятида ҳаво ҳарорати 30 даражадан ошган ва тезлиги соатига 30 дан 60 кмгача бўлган шамол билан бирга келган. Бу ёнғиннинг тарқалишига ёрдам берган ва уни ўчиришни қийинлаштирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Туркиянинг Муғла вилоятидаги ўрмон ёнғини авж олганди. Ёнғинни ўчиришда Муғла вилояти ўрмон хўжалиги ҳудудий бошқармаси таркибига кирувчи тўққиз вертолёт ва шунча самолёт иштирок этган. Ерда эса 300 дан ортиқ киши ва 60 дан ортиқ техника ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган. Ярим соат ичида ёнғин оқибатида 37 гектарга яқин ўрмон майдони ёниб кетган.
LiveБарчаси