Туркияда туристларга уйни ижарага бериш бўйича янги талаблар кучга кирди

Олам

image

Туркия ҳукумати сайёҳларга 100 кунгача уй-жой ижараси қоидаларини кучайтирди. Тегишли қонун ҳукуматнинг расмий газетасида эълон қилинди.  

Энди турар жойни сайёҳларга 100 кунгача ижарага бериш учун мулк эгаси Маданият ва туризм вазирлигидан рухсат олиши керак Бундай лицензиялар пуллик бўлади ва тегишли вилоятлар ҳокими идоралари орқали берилади. 100 кундан ортиқ ижарага олинган уй-жой ушбу қонунга бўйсунмайди. 

Туристик мақсадларда ижарага бериладиган квартираларга эга биноларга тегишли белгилар билан мулкни ижарага беришга яроқли деб рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар осиб қўйилади. Бундан ташқари, агар гап кўп қаватли уй ҳақида кетаётган бўлса, унда уй эгаси бундай фаолиятни амалга ошириш учун барча аҳолининг бир овоздан расмий розилигини олиши керак. 

Қонун бузилишлар учун катта миқдорда жарималар киритади. Қонунбузарлик биринчи марта аниқланганда, эгаси қоидабузарлик билан ижарага берилган ҳар бир мулк учун 100 минг лира (тахминан 3,5 минг доллар) миқдорида жарима тўлаши, шунингдек, 15 кун ичида мулкни ижарага беришни давом эттириш учун рухсат олиши керак бўлади. Агар у ушбу шартларни бажармаса ва фаолиятини давом эттирса, яна 500 минг лира (тахминан 18 минг доллар) миқдорида жаримага тортилади ва лицензия олиш учун яна 15 кун берилади. Агар учинчи марта талаблар бажарилмаса, туристга ижарага берилган ҳар бир хонадон ёки уй учун жарима миқдори 1 миллион лирага (тахминан 36 минг доллар) ошади. 

Шунингдек, қонун кўчмас мулкни ижарага беришни реклама қилувчи электрон тижорат платформаларидан эгалари Маданият вазирлигидан лицензия олмаган уйлар ва хонадонлар ҳақидаги эълонларни олиб ташлаш ва жойлаштирмасликни талаб қилади. Бундай савдо майдончаларига нисбатан ҳар бир реклама қонунбузарлиги учун 3,5 минг доллар миқдорида жарима ҳам назарда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг