Туркияда сайлов муддатидан аввал ўтказилиши мумкин
Олам
−
03 Январь 2023
6232Туркияда 2023 йилнинг 18 июнига белгиланган президентлик ва парламент сайловлари санаси бироз олдинроққа кўчирилиши мумкин. Бу имкониятни кеча, 2 январь куни ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси расмий вакили Умар Челик маълум қилди.
“Бизда бу сайловларни 18 июнь куни ўтказишга иродамиз бор. Лекин айрим муаммолар юзага келиши мумкин. Бу фуқароларимиз мамлакат бўйлаб саёҳатга чиқадиган даврига тўғри келгани ва кўпчилик турли жойларда бўлишини инобатга олиб, ҳозир бу кун хусусида музокаралар олиб боряпмиз”, дейди Челик.
Шу билан бирга, ҳукмрон партия вакилининг таъкидлашича, овоз бериш санасининг мумкин бўлган кечиктирилиши муддатидан олдин сайлов ўтказиш деб баҳоланиши мумкин бўлган қарор бўлмайди.
“Аниқ бир қарорга келсак, мана шу санада ўтказилади деб албатта хабар берамиз. Аммо бу эрта сайлов ўтказиш сирасига кирмайди, Бу шунчаки ёз ойи бўлгани, кўпчилик ватандошларимиз уйларини тарк этиб, таътилга кетишлари, қишлоқ хўжалиги ишлари айни авжида бўлиши билан боғлиқ”, дейди Челик.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг август ойида Туркия Адлия вазирлиги раҳбари Бакир Бўздоғ мамлакатда президентлик сайловлари 2023 йил 18 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилган эди. Туркияда умумий (президент ва парламент) сайловлар, маҳаллий қонунларга кўра, бир кунда ўтказилади. Ҳукмрон Халқ альянси аввалроқ уларнинг ягона номзоди амалдаги президент Эрдўған бўлишини эълон қилган эди.
Мухолифат аввалроқ Туркиянинг амалдаги президенти сайловларда қатнаша олмаслигини, чунки бу унинг учинчи муддати бўлишини айтган эди. Адлия вазирлиги раҳбари бўлажак президентлик сайловлари Эрдўған учун Туркия 2018 йилда парламент бошқарувидан президентлик бошқарув шаклига ўтганидан кейинги иккинчи сайлов бўлишини бир неча бор таъкидлаган.
LiveБарчаси