Туркияда матрасини ёқмоқчи бўлган эркак ўрмонга ўт қўйди
Олам
−
28 Июль 4398 2 дақиқа
Жорий йилнинг 22 июль куни Туркиядаги Сакарья вилоятининг Акязи туманида эркак эскирган матрасини ёқмоқчи бўлиб, ўрмонни ёқиб юборди. Бу ҳақда Мамлакат Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ўзининг Х'даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Ерлиқоя 22–27 июль кунлари орасида содир бўлган ўрмон ёнғинлари бўйича жами 7 гумонланувчи ҳибсга олингани, улардан 3 нафари қамоқдалиги, 4 нафари эса суд назорати остида озод этилганини маълум қилган.
“Акязи туманининг Бўзтепа маҳалласида 22 июль куни бошланган ёнғинга А.Б. исмли шахс сабаб бўлган. У эски матрасини ёқмоқчи бўлганида олов ўрмонга тарқалган. А.Б. қамоққа олинган”, деган Ерлиқоя.
Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кучли ёнғинлар содир бўлган. Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазири Мурат Курумга кўра, бир ҳафтанинг ўзида Анталья, Биледжик, Бурса, Карабюк, Сакарья, Ушак вилоятларида содир бўлган ўрмон ёнғинлари оқибатида 104 та кўчмас мулк объектлари, жумладан, 68 та хонадон жиддий зарар кўрган ёки вайрон бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг курорт ҳудуди бўлган Эгей денгизи соҳилидаги Чешме туманида кучли ўрмон ёнғини юз бериб, олов тураржой биноларига яқинлашгани ҳақида хабар берилганди. Ёнғинни ўчиришга 5 та самолёт, 18 та вертолёт, 36 та ёнғин ўчириш машинаси жалб этилган. Ёнғин туфайли Илдир, Гермиян ва Нохуталан қишлоқларининг аҳолиси эвакуация қилинган.
Live
Барчаси