Туркияда ҳибсга олинган санъаткорлар қўйиб юборилди

Маданият-санъат

image

Туркияда кеча, 8 октябрь куни эрталаб Жандaрмa томонидан сўроққа олиб кетилган ижтимоий тармоқ феноменлари, сериал актёрлари ва санъаткорларнинг Адлия Тиббиёт Институтидаги текширув жараёнлари кечқурун якунланди. Энди уларнинг таҳлил натижалари кутилмоқда. Бу ҳақда NTV хабар берди.  

8 октябрь куни эрталаб бир қатор машҳурлар ва ижтимоий тармоқ юлдузларига нисбатан гиёҳванд модда истеъмоли гумони билан тергов бошланди. Бу тергов Истанбул Бош прокурaтураси қошидаги Қочоқлик, Наркотик ва Иқтисодий Жиноятлар бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Истанбул вилояти Жандармa қўшинлари амалга оширган операция вақтида машҳур шахслар гиёҳванд модда истеъмол қилганлик гумони билан назорат текширувига тортилди.

“Анадолу” агентлиги маълумотларига кўра, сўроқ қилинган ва қон намунаси олинган шахслар қуйидагилар:

  • Дилан Пўлат
  • Энгин Пўлат
  • Ирем Деричи
  • Кубилай Ака
  • Каан Йилдирим
  • Ҳадисе Ачигкёз
  • Беррак Тюзюнатач
  • Дуюғу Ўзаслан Мутаф
  • Демет Эвгар Бабаташ
  • Зейнеп Мерич Арал Кескин
  • Ўзге Ўзпиринчжи
  • Мерт Язиджиўғлу

Уларнинг айримлари бу пайтда мамлакат ташқарисида экани ҳам маълум қилинди.

Амалиёт давомида ҳеч ким ҳибсга олинмади. Истанбулда бўлган машҳур шахслар вилоят Жандармерия қўмондонлигига олиб келинди. Бу ерда уларнинг баёнотлари олинди. Баёнот бериш жараёни якунланганидан сўнг, машҳурлар кундуз вақтида қон таҳлиллари учун Адлия тиббиёт муассасасига юборилди.

Машҳурлар бу ерга икки автобус орқали етказилди, баъзи актёрларнинг яқинлари эса қўллаб-қувватлаш учун Жандармерия қўмондонлигига келди.

Баёнот учун кутган актриса Демет Эвгарнинг ҳамкасби Ҳатисе Асланга руҳий кўмак учун келганини айтди ва тергов сабабли съёмка майдонлари тўхтаб қолганини билдирди.

Муассасада қон намунаси олинган машҳурлар сўнгра жандармерия ходимлари ҳамроҳлигида яна Вилоят Жандармерия қўмондонлигига қайтарилди. У ерда жараёнлари якунланган машҳурлар озод этилди.

Жандармерия қўмондонлигидан чиққач, баъзи машҳурлар матбуотга изоҳ берди. Айрим машҳурлар баёнот бериб амалиётга эътироз билдирдилар.

“Сизлар каби мен ҳам бўлаётганлардан ҳайратдаман. Шукрки, ҳаммасини ортда қолдирдик”, деди Ҳадисе ижтимоий тармоқда қилган чиқишида.

У, шунингдек, Анқарадаги концертида ҳам тергов жараёнига нисбатан ўз эътирозини билдирди.

Ирем Деричи эса жараёндан сўнг матбуот анжумани ўтказиб, терговга муносабат билдирди ва суд-тиббий текширув натижаларини барча билан ўртоқлашишини айтди.

“Маҳаллама-маҳалла юриб, ўша тоза натижаларни сизлар билан баҳам кўраман. Бу амалиёт ҳақида хабар тарқатганлар, ўша натижаларни ҳам берсин”, деди Деричи.

Амалиётда исми тилга oлинган қўшиқчи Ирем Деричининг ҳимоячиси Айшегюл Мермер ёзма баёнот эълон қилди:

“Мижозим Ирем Деричи билан боғлиқ жараён доирасида баёнот бериш учун Жандармерия бўлимига кетмоқдамиз. Ҳозирча иш ҳужжати ёки мавзуси ҳақида расмий маълумот берилмаган. Жараён ойдинлашган сари жамоатчиликка хабар берилади”.

Яна бир машҳур – Зийнет Салининг адвокати эса мижозининг хорижда эканини ва қайтиб келгач, баёнот беражагини билдирди.

“Шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, мижозим Зийнет Сали ҳаётда ҳеч қачон ҳатто сигарет ҳам чекмаган, ушбу тергов ва у билан боғлиқ шахсларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мижозим Зийнет Салининг адашиб ушбу ишга қўшиб юборилган деган фикридамиз”, деди адвокат Жемил Жем Эрибол.

Тергов юзасидан ижтимоий тармоқ феномени Дилан Пўлатнинг адвокати ҳам баёнот берди. Адвокат Севинч Ҳорознинг айтишича, мижозининг аввалроқ “гиёҳванд моддалардан фойдаланмагани” ҳақида расмий ҳисобот мавжуд.

“Қон ва соч таҳлили топширишга тайёр эканимизни билдирдик. Агар бу етарли деб топилмаса, яна бир бор топширишга ҳам тайёрмиз. Шу сабабли нима юз берганини тушунишнинг иложи йўқ”, деди у.

Ҳороз, тергов бирор бир шикоят асосида бошланганини билганини, аммо айнан қайси мазмундаги шикоят эканини билмасликларини таъкидлади.

Тергов доирасида қон намунаси олинадиган машҳурлар орасидаги Беррак Тузунаташ аввалроқ гиёҳванд модда истеъмоли айби билан жазога тортилган эди. Суд иши 2017 йилда кўрилган ва машҳур актриса 20 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ижтимоий тармоқ юлдузлари саналган жуфтлик – Дилан ва Энгин Пўлат ҳам аввалроқ наркотик амалиёти билан боғлиқ равишда муҳокамалар марказида бўлган. Пўлатлар 2 март куни наркотик модда сотиб олиш ва сақлаш айби билан ҳибсга олинган эди. Қон намуналари олингач, жуфтлик прокурор кўрсатмаси билан озод этилган.

Наркотик ёки ман этилган нарсалардан фойдаланиш изларини аниқлаш мақсадида шахс танасидан таҳлил учун намуна олинади. Энг кўп қўлланадиган усуллар – сийдик, қон, тупук ва соч таҳлили.

  • Сийдик таҳлили – энг кенг тарқалган усул. Сийдик намунаси лабораторияга юборилиб, кимёвий таҳлил қилинади.
  • Тезкор қон таҳлили – организмдаги фаол моддани аниқлаш учун қилинади. Натижалари аниқроқ бўлгани учун одатда шифохоналарда ўтказилади.
  • Тупук таҳлили – айниқса, иш жойларида ёки полиция назоратларида қулайлиги туфайли ишлатилади.
  • Соч таҳлили – моддадан узоқ муддат фойдаланишни аниқлайди. Сочда 3–6 ойгача наркотик излари топилиши мумкин.

Текширув турига қараб, натижа олиш вақти турлича бўлади.

  • Сийдик таҳлили – одатда охирги 3 кун ичидаги фойдаланиш ҳақида маълумот беради. Аниқлаш даври 2 кундан 3 ҳафтагача бўлиши мумкин.
  • Соч таҳлили – 4-6 ой олдинги модда қабул қилиш ҳақида маълумот беради. Батафсил лаборатория текширувида натижа 1 ҳафтагача чўзилиши мумкин.
  • Тезкор тестлар (сийдик ёки тупук орқали) – 5-15 дақиқа ичида натижа бериши мумкин. Бу усул кўп ҳолларда полиция бўлимларида ишлатилади.
  • Лаборатория таҳлиллари (қон ва сийдик) – ўртача 1-3 кун ичида натижа чиқаради.

Мақола муаллифи

Теглар

Туркия гиёҳванд моддалар санъаткорлар шоу-бизнес Дилан Пўлат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг