Туркияда ҳарбий вертолётлар тўқнашиб кетди. Қурбонлар бор
Олам
−
09 Декабрь
2832Туркиянинг марказий қисмидаги Испарта вилоятида икки турк ҳарбий вертолёти тўқнашиб кетди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Ҳарбий вертолётнинг Испарта марказидаги ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнига қулагани қайд этилган. Воқеа жойига тез ёрдам ва ўт ўчириш бригадалари жўнатилган. Вертолёт қулаган жойда ёнғин тезда ўчирилган.
"Қуруқликдаги кучлар мактабидан икки вертолёт тўқнашиб кетди. Беш киши ҳалок бўлди, бири оғир яраланди", деган вилоят губернатори Абдулла Эрин.
Фалокатга учраган вертолётда ҳалок бўлганлар орасида Испарта қуруқликдаги авиация мактаби қўмондони бригада генерали ҳам борлиги маълум қилинган.
Воқеа юзасидан мамлакат Мудофаа вазирлиги баёнот берган.
“Испарта шаҳрида машғулот парвозини амалга оширган UH-1 типидаги вертолётларимиздан бири аварияга учради ва 5 нафар ходимимиз ҳалок бўлди. Ҳодиса оқибатида бир ходимимиз оғир тан жароҳати олиб, зудлик билан шифохонага ётқизилиб, даволанишни бошлади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Керчен бўғозида ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраганди.
LiveБарчаси