Туркия Теҳронда Хониянинг ўлдирилишини қоралади
Олам
−
31 Июль
11094Туркия Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг Теҳронда ўлдирилганини кескин қоралади. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
“Биз Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг қабиҳ ўлдирилишини қоралаймиз. Хония каби юз минглаб шаҳидларни ватанида, давлатида тинч-тотув яшаши учун қурбон қилган Фаластин халқига ҳамдардлик билдирамиз”, дейилади баёнотда.
Туркия ТИВга кўра, Биньямин Нетаньяху ҳукумати тинчликка эришмоқчи эмаслиги яна бир бор маълум бўлган. Ҳужум, шунингдек, Ғазодаги урушни минтақага ёйишни мақсад қилган.
“Агар халқаро ҳамжамият Исроилни тўхтатиш учун ҳаракат қилмаса, минтақамиз анча жиддий можароларга дуч келади”, дейилади ҳужжатда.
Билдирилишича, Туркия Фаластин халқининг адолатли ишини қўллаб-қувватлашда давом этади.
Эслатиб этамиз, бугун, 31 июль куни эрталаб Эронда Хониянинг ўлими ҳақида хабар берилган эди. Эроннинг сайланган Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этганидан сўнг Хониянинг Теҳрондаги қароргоҳига уюштирилган ҳужумда у ва унинг тансоқчиларидан бири ҳалок бўлди.